Учрашувда телекоммуникация хизматларини сўмли тарифга ўтказишда абонентларга зарар етмаслигини таъминлаш, жумладан абонентларга кўрсатилаётган хизматларга белгиланган бугунги нархларни оширмаслик масаласи кўтарилди. Давлат раҳбарининг фармонида товарлар, иш ва хизмат учун нархлар ва тарифлар, шунингдек, жамиятларнинг низом жамғармасига минимал талаблар фақат миллий валютада белгиланиши кўрсатилган.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида ўтган учрашувда қабул қилинган қарорга мувофиқ, 2017 йилнинг 5 сентябридан барча телекоммуникация хизматлари учун тарифлар миллий валютада -- сўмда белгиланади.
Операторлар раҳбарлари томонидан биллинг хизматлари айни пайтда хорижий валютага асослангани, уларни миллий валютага мувофиқлаштириш бирмунча вақтни талаб қилишини таъкидладилар. Шуни ҳисобга олган ҳолда, миллий валютага асосланган биллинг тизими ишга тушгунига қадар тарифлар истисно тариқасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан жорий йилнинг 29 августида ўрнатилган 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати (4210,35 сўм) бўйича белгиланади. Соддароқ қилиб айтганда, миллий валютада тарифларнинг ошишига йўл қўйилмайди. Мисол учун, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича 10 АҚШ доллари эвазига кўрсатиладиган хизмат, АҚШ доллари курсининг ўзгаришидан қатъиназар, ўтиш даврида 42 минг сўмдан оширилмайди.
Операторларнинг эътибори Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида белгиланган вазифаларни сўзсиз бажаришга қаратилди. Барча операторларга 5 сентябрдан бошлаб хизматлар учун барча тарифларни ўзларининг сайтлари ва оммавий ахборот воситаларида миллий валютада кўрсатиш вазифаси юклатилди.