Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида имзоланган Меморандумга асосан мамлакатимиз фуқароларини малака талаб этилмайдиган Е-9 ишчи визаси бўйича ушбу давлатда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартиби белгиланган. Мазкур виза орқали ишчи фуқаролар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига жалб этилади.
2020 йилда пандемия сабабли барча ишчи кучи етказиб берувчи давлатлар қаторида, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг ушбу давлатга оқими сезиларли даражада қисқарди. 2021 йил 5 ноябрь куни Корея Республикаси махсус комиссиясининг қарорига асосан чет эллик ишчиларни Корея давлатига киришига рухсат берилгач, 2021 йил ноябрь-декабрь ойларида пандемия чекловлари шароитида жами 915 нафар фуқаро ташкилий тарзда жўнатилди.
2022 йилнинг январь-июнь ойлари давомида Корея Республикасидан меҳнат таътили олиб Ўзбекистонга келган фуқароларнинг 1896 нафари иш жойига қайтиб кетган ҳамда Е-9 виза тури бўйича 2026 нафар фуқаро ташкилий тарзда жўнатилди.
Ҳозирги вақтда икки давлатдаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, ушбу жараёнлар тўлиқ тикланди.
Корея Республикасида ишлаш истагидаги фуқаролар учун 2022 йилда белгиланган корейс тили бўйича EPS-Topik ҳамда малака тест имтиҳонларида иштирок этиш учун жорий йил 28 апрель куни labormigration.uz дастурий мажмуасидан 18 ёшдан 39 ёшгача бўлган 16 601 нафар номзод рўйхатдан ўтган.
Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг EPS-Topik agency базасига рўйхатдан ўтган 16 601 нафар номзоддан 1391 нафари талабларга мос келмагани сабабли қабул қилинмаган.
Шундай қилиб, барча талабларга мувофиқ рўйхатдан ўтган номзодлар учун 2022 йил 2 июнь куни Тошкент шаҳрида корейс тилидан EPS-Topik тест имтиҳони бошланган ва 15 июлгача давом этади.
Таъкидлаш жоиз, ушбу босқичдан муваффақиятли ўтган номзодлар малака тест имтиҳонларидан ҳам ўтиши лозим.
Маълум қилинишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тест имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган фуқароларни Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга оширишини кафолатламайди.
Тест имтиҳонлари бевосита Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан ўтказилмоқда ва баҳоланади. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган фуқаролар рўйхати Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати ва Агентлик веб-сайтларида эълон қилинади. Кейинги босқичда Агентлик томонидан синовлардан ўтган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар (анкета маълумоти, сканер қилинган паспорт нусхаси, фотосурат) Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг SPAS электрон базасига киритилади. SPAS электрон базасига киритилган маълумотлар қачон киритилишидан қатъий назар номзод рўйхати КИРРХ томонидан тасдиқлангандан сўнг, 1 йил муддатга амал қилади ва бу муддат ичида номзод корейс иш берувчилари томонидан танланмаган тақдирда КИРРХ томонидан яна 1 йил муддатга қайта тасдиқланади.
Иккинчи йилда ҳам танлаб олинмаган фуқаролар рўйхати электрон базадан чиқариб юборилади ва Кореяда ишлаш истагида бўлган фуқаро синовлардан қайтадан ўтиши лозим бўлади. Мазкур базада шаклланган номзодлар тўғрисидаги электрон маълумотлар Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан исталган номзодни танлаб олиш учун корейс иш берувчиларига тақдим этиб борилади. Корейс иш берувчилари томонидан танлаб олинган номзодларга меҳнат шартномаси лойиҳаси юборилади. Шундан сўнг, Корея Адлия вазирлиги томонидан берилган виза тасдиқномаси асосида номзод Корея Республикасига юборилади.
Юқоридаги маълумотларда келтирилганидек, фуқароларни корейс иш берувчилари томонидан танлаш жараёнларида Агентликнинг ҳеч қандай иштироки мавжуд эмас.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, Корея томонидан хорижий фуқароларни шу жумладан Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг EPS.GO.KR веб-сайтида ҳар бир номзодга шахсий кабинет очилган.
Шахсий кабинет орқали фуқаролар ўзи тўғрисидаги маълумотлар яъни, унинг синовлардан ўтиш баллари, анкета маълумотлари, иш берувчи томонидан танланганлиги ёки йўқлиги, танланган бўлса, меҳнат шартномаси ва ишчи виза тасдиқномаларини юборилган вақтлари тўлиқ ёритиб борилади.