Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти доирасида «Марказий Осиё ва Афғонистонда барқарор ривожланиш сари хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» мавзусида халқаро форум ўтказилди.
Форум Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан Жаҳон банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида ташкил этилди.
Форумни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева кириш сўзи билан очиб, Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти доирасида ўтказилаётган йирик форум минтақа хотин-қизлари ҳаётида ўзига хос бурилиш ясашини эътироф этди.
Чунки минтақа хотин-қизларнинг иқтисодий йўналишдаги ўзаро ҳамкорлигини ўрнатиш, тўғридан-тўғри бизнес алоқаларини йўлга қўйишга қаратилган йирик анжуманда нафақат илғор ғоялар, балки амалий қадамлар қўйилади. Форум доирасида тадбиркорликнинг барча соҳалари бўйича Марказий Осиё давлатлари ва афғонистонлик тадбиркор аёллар иштирокида ишбилармон аёллар кўргазмаси ташкил этилганининг ўзи шундан далолат.
- Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш бўйича изчил сиёсат олиб борилаётгани учун ҳам мамлакатимиз жорий йилда Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотига раислик қилмоқда, - деди Танзила Нарбаева. – Сир эмас, минтақамиз аҳолиснинг деярли ярмини аёллар ташкил этади. Уларга барча соҳаларда тенг ҳуқуқлар яратиб бериш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Қолаверса, бугунги кунда уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллиги ошиб бормоқда. Марказий осиё давлатлари парламентларида аёлларнинг ўрни икки карра ошгани, меҳнатга жалб этилаётганларнинг 65 фоизини аёллар ташкил этаётгани хотин-қизларсиз иқтисодиётни ривожлантириш мумкин эмаслигини кўрсатиши билан бирга уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришни зарурлигини ҳам кўрсатади.
Ўзбекистонда хотин-қизлар масалаларига эътибор кучайганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Биргина мисол, 190 давлат парламентларини бирлаштирган Парламентлараро иттифоқнинг эътироф этишича, хотин-қизларнинг парламент ва ҳукумат доирасида иштироки бўйича Ўзбекистон иттифоққа аъзо давлатлар орасида 45-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич бўйича мамлакатимиз нафақат минтақа, балки қатор ривожланган давлатлар — АҚШ, Германия, Австралия, Канададан юқори поғонага кўтарилди. Ваҳоланки, бир неча йил муқаддам Ўзбекистон бу рўйхатда 128-ўринда бўлган.
Яқинда бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида муҳим ҳужжат – 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди.
- Бу ҳужжат орқали хотин-қизларни раҳбарликка тайёрлаб, тавсия этиб борамиз, бандлик масалаларини кучайтирамиз, уларнинг молиявий ресурсларга эгалик қилиш ҳуқуқларини қатъий талаб қиламиз, - деб таъкидлади Сенат Раиси. – Аввалгидек бу вазифалар билан фақат хотин-қизлар масалалари билан шуғулланадиган ташкилотлар эмас, балки вазирликлар, ҳокимликлар ҳам шуғулланади. Бундан ташқари, хотин-қизларга кредит ажратиш мақсадида республика даражасида хотин-қизлар мақсадли жамғармаси ташкил этилди. Давлат бюджетидан ҳар йили 300 миллиард сўм ажратилиши белгилаб қўйилди. Энди кредит билан боғлиқ муаммолар барҳам топади. 1,5 миллион хотин-қизни камбағалликдан чиқариш бўйича иш олиб борилади.
Барча учун тенг имкониятлар, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, зўровонлик ҳолатларини тўлиқ бартараф этиш, имконияти чекланган шахсларни қўллаб қувватлаш бўйича амалий ишлар олиб борилади.
Айтиб ўтиш керакки, Президентимиз мурожаатномасида аёллар тадбиркорлиги ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтган. Ушбу ғояни амалга ошириш учун хотин-қизлар тадбиркорлиги марказлари ташкил этилди. Шу кунгача 30 мингга хотин-қизга касб-ҳунар ўргатилди.
Хотин-қизлар иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган форум шу каби хайрли ишлар доирасини кенгайтиради.
— Минтақавий мулоқот ҳамкорлик майдонига айланиб, бутун минтақамизда яшаётган опа-сингилларимизнинг орзу интилишларини рўёбга чиқаришга замин яратилди, - деди Т.Нарбаева. — Айтиб ўтиш керакки, кўп ҳоларда халқаро ташкилотлар, халқаро молиявий институтлар кўмагида кўплаб лойиҳалар амалиётга самарали тадбиқ этилади. Лекин лойиҳа муддати тугаши билан ишлар тўхтаб қолади. Самарали лойиҳаларнинг барқарорлигини таъминлаш учун тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш, самарали лойиҳаларни кенг ёйиш учун имконият яратиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Сенат Раисининг бу фикрлари иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди. Келгусида ушбу йўналишда ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш мақсадга мувофиқ экани эътироф этилди.
Форумда Марказий Осиё етакчи аёллар Мулоқоти аъзоларининг қўшма баёноти, Марказий Осиё мамлакатлари тадбиркор аёллари ўртасида барқарор ривожланиш соҳасида ҳамкорлик “Йўл харитаси” қабул қилинди.