Танзила Нарбаева БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (СОР-27) томонларининг 27-конференциясида нутқ сўзлади.
Шу кунларда Миср Араб Республикасининг Шарм ал-Шайх шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (СОР-27) томонларининг 27-конференцияси бўлиб ўтмоқда. Тадбир иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга оид мавжуд илмий далиллар ва воситаларни баҳолаш бўйича илғор тажриба алмашиш майдони бўлиб хизмат қилади. Тадбирда иқлим бўйича ечимларни амалга ошириш йўлидаги тўсиқлар муҳокама мавзуси бўлди.
Ушбу конференция 1995 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинади. Жорий йилда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва уларга мослашиш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда. Парламент юқори палатаси Раиси ўз нутқида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билангина оқибатлари Марказий Осиёда ҳам яққол кузатилаётган иқлим ўзгариши муаммосига қарши туриш мумкинлигини таъкидлади.
«Ўзбекистоннинг асосий мақсади – амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларга «яшил» иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш орқали иқтисодий тараққиётга эришишдир. Бу йўналишда иқтисодиётнинг барча секторларида углероддан камроқ фойдаланишга ўтиш ва ресурсларни тежаш, самарали ва экологик тоза технологияларни жорий этиш устувор йўналиш ҳисобланади», – деди Танзила Нарбаева.
Париж битими доирасида Ўзбекистон 2030 йилгача ЯИМ бирлигига парник газлар чиқаришни 35 фоизга камайтириш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлайди. Ушбу мақсадларга эришиш учун қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга ошириш бошланди.
2026 йилга келиб «яшил» энергетика улушини 8 минг МВтга етказишни режалаштирилмоқда, бу эса карбонат ангидрид гази чиқаришни 5 млн тоннага камайтириш имконини беради. 2030 йилга келиб иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини икки баравар ошириш, қайта тикланадиган энергия улушини эса камида 25 фоизга етказиш режалаштирилган.
Ҳар йили 200 млн туп дарахт ва бута экишни назарда тутувчи «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси кўп жиҳатдан республикада иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга ва уларга мослашишга хизмат қилади. Лойиҳа йилига 200 млн туп дарахт ва буталарни экишни назарда тутади. Натижада беш йилдан сўнг шаҳарлардаги кўкаламзор майдонлар ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошади.
Мамлакатда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида сувни тежовчи технологияларни жорий этган ҳолда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Орол денгизи инқирози билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича қатъий чоралар кўрмоқда. Сўнгги беш йилда Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 млн гектардан ортиқ ўрмон плантациялари барпо этилган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 2,5 млн гектаргача ёки ҳудуднинг қарийб 80 фоизини ташкил этади. БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси билан Оролбўйи минтақаси экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ўз нутқида мамлакатимиз халқаро ҳамжамият билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини ҳамда Минтақавий иқлим кенгашини ташкил этишни таклиф қилаётганини таъкидлади. Бу иқлимга мослашиш бўйича лойиҳаларни тарғиб қилишда, чўлланиш ва ерларнинг деградациясига қарши курашишда, сувни тежовчи технологияларни жорий этишда ҳамкорлик самарадорлигини ошириш имконини беради.
Кейинги йилда Ўзбекистонда чўлланишга қарши курашиш ва ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича БМТнинг иккита йирик тадбирини ўтказиш режалаштирилмоқда. Барча халқаро ҳамкорларни ушбу форумлар ишида фаол иштирок этиш таклифи билдирилди.