Тадбиркорларнинг вақт ва маблағ билан боғлиқ ортиқча харажатларини қисқартириш
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Қарори қабул қилинди.
2025 йил 1 майдан тадбиркорлар тан олган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича солиқ органи тадбиркорларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тартиби жорий этилади:
- тадбиркор солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олганда, солиқ органи мустақил равишда банк операцияларини тўхтатиб қўйиши мумкин.
- тадбиркор солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олмаган ва эътироз билдирган тақдирда, амалдаги тартибга мувофиқ суд томонидан ҳал этилиши белгиланмоқда.
Ушбу тартиб Солиқ кодексига тегишли ўзгаришлар киритилганидан кейин амалиётга жорий этилади.
Солиқ тўловчилар солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатдан кейин 10 кун ичида тақдим этмаганда, банкдаги ҳисобварақлари бўйича операциялари тўхтатиб турилади.
Солиқ органи фақат 10 кундан кўп бўлмаганда ҳисобварақ операцияларини тўхтатиб туриши мумкин.
10 кундан кўп бўлганда, фақат суднинг қарори асосида амалга оширилади.