Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 25/07/2016 Тадбиркорларнинг очиқ мулоқоти ташкил этилди
Тадбиркорларнинг очиқ мулоқоти ташкил этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал–демократик партияси тадбиркорлар эркинликлигини таъминлаш учун иқтисодий, ташкилий, хуқуқий шароит ва кафолатлар яратилиши, мазкур қатлам фаолиятининг ҳар томонлама рағбатлантирилиши, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий мустақил бўлиши, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришдаги мавжуд тўсиқларнинг бартараф этилиши тарафдоридир.

Мазкур таъмойилдан келиб чиқиб, пойтахтимизда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамда тадбиркорларнинг очиқ майдончаси бўлмиш “BUSINESS HUB” билан ҳамкорликда мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари иштирокини янада ошириш, чинакам мулкдорлар сафини кегайтириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермерларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, бу борадаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, яратилган шарт-шароит, имтиёз ва преференциялардан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган давлат идоралари билан тадбиркорлар ва фермерларнинг очиқ мулоқоти ташкил этилди.

Ҳамкор ташкилот вакиллари ва республикамиздаги таниқли, тажрибали тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этган очиқ мулоқотда мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бирига айланган хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари, фермерлик соҳасини янада кенгроқ қўллаб-қувватлаш, хусусий сектор ривожига тўғаноқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мустақилликнинг илк йилларида Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш шароитда ҳақиқий мулкдорлар синфини шакллантириш, хусусийлаштириш орқали мамлакатда иқтисодий рақобат муҳитини яратиш, соҳанинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш, давлат тасарруфидан чиқарилган корхоналарда ишлаб чиқариш структурасини диверсификациялаш, рақобатбардошлигини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилди. Мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити натижасида тадбиркорлар сафи янада кенгайиб, бугунги кунда улар сони 229 минг 607 нафарга етди.

Очиқ мулоқотида шунингдек, тадбиркорлик субъектлари бугунги кунда ўз фаолиятини яратилган қулай муҳит ва банкларнинг молиявий кўмаги орқали янада кенгайтирганлиги, ажратилаётган кредитлар миқдори йилдан-йилга ошиб бораётганлиги қайд этилди. Жумладан, ўтган 2015 йил давомида тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига барча молиялаш манбалари ҳисобидан ажратилган кредитлар 2014 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошиб, 12 трлн. сўмдан зиёд маблағни ташкил этди.

Шунингдек, тадбирда тадбиркорлик субъектлари солиқ ва божхона соҳасига таълуқли айрим масалалар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашди. Жумладан, иқтисодиёт тармоқларининг экспортга йўналтирилишини кучайтириш, экспортни рағбатлантириш, унинг номенклатураси ва географик майдонини қулай молиявий-иқтисодий ва божхона шароитларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланиб, соҳасига таълуқли норматив ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштиришга хизмат қиладиган қатор таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Очиқ мулоқотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, банк кредитларини бериш тартиб-қоидаларини янада соддалаштиришга оид янгиликлар, ҳуқуқий шарт-шароит, солиқ ва бошқа тўловлар бўйича Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар хусусида батафсил тушунчалар берилиб, ўзаро фикр алмашилди.

Тадбир давомида мамлакатимизда брэндга айланган маҳсулотларни ишлаб чиқараётган тажрибали тадбикорлар томонидан кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, янги инновацион ғоялар ва технологиялардан оқилона фойдаланишга бағишланган тақдимотлар ўтказилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг