Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Иқтисод 23/12/2016 Тадбиркорларни ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолиятининг ҳуқуқий асослари муҳокама қилинди
Тадбиркорларни ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолиятининг ҳуқуқий асослари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолиятини ташкил этишнинг муҳим жиҳатлари: хорижий тажриба” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбати Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро қўмитаси ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

2016 йил 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини химоя қилиш бўйича вакил фаолиятини ташкил этишнинг муҳим жиҳатлари: хорижий тажриба” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбати Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро қўмитаси ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда жорий йилнинг 5 октябрь куни қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар томонидан таъкидланганидек, ушбу ҳужжат энг аввало, хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради.

Хусусан, Фармонда “кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик” энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланганлиги бу борадаги ислоҳотларни изчил ва оғишмай давом эттиришни тақозо этади.

Фармонда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунлар ижроси устидан парламент назорати шаклларини кучайтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш ҳам назарда тутилганлиги шубҳасиз мамлакатимизда тадбиркорлар ҳуқуқларининг янада самарали ҳимоя қилинишига туртки бўлиб хизмат қилиши алоҳида қайд этиб ўтилди.

Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ушбу институт тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлашда, давлат тузилмалари билан муносабатларда уларнинг манфаатларини ифодалашда муҳим ўрин тутади. Ҳозирги кунда ушбу институтни жорий қилиш бўйича парламент томонидан бир қатор ишлар амалга оширилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Бўлиб ўтган муҳокамаларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича атрофлича фикр алмашилди. Айниқса, қонун лойиҳасини маромига етказишда ҳорижий тажрибага алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, бунда ривожланган ҳорижий мамлакатлардаги мазкур соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг таҳлилидан ҳам фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан аниқ таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг