Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар тадбиркорлик субъектлари айнан бир ҳуқуқбузарлик учун бир неча маротаба жавобгарликка тортилишининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни белгилашда инсонпарварлик ва адолат принципларига таянилмоқда. Лекин, айрим ҳолларда ҳуқуқбузарлик натижасида етказилган зарар миқдорига мутаносиб жавобгарлик чораси белгиланмагани тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий аҳволини ёмонлашувига олиб келиши мумкин.
Бу эса ўз навбатида, солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жавобгарлик чоралари, шу жумладан молиявий санкциялар ва маъмурий жарималар қўллашнинг тадбиркорлик субъектлари учун салбий оқибатлар келтириб чиқармаслигини кўзда тутишни талаб этмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Солиқ кодексларига шахснинг содир этган айнан бир ҳуқуқбузарлик учун бир маротаба жавобгарликка тортилишини таъминлаш ва солиқ маъмуриятчилигининг янада такомиллаштирилишига қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти.
Депутатлар томонидан солиқ қонунчилигига киритилаётган бу каби ўзгартиришлар тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилиши алоҳида эътироф этилди.
Халқ вакилларининг фикрига кўра, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни либераллаштириш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, тадбиркорлик субъектлари олдидаги мажбуриятларни камайтириш, уларнинг айланма маблағларини бизнесни ривожлантиришга йўналтиришга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.