Валюта курслари 18/03/2025
$1 – 12943.39
UZS – -0.08%
€1 – 14108.30
UZS – 0.36%
₽1 – 153.70
UZS – 1.7%
Қидириш
Ўзбекистон 17/03/2025 Сув ресурсларини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда

Сув ресурсларини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ўтган асрнинг 90-йилларига нисбатан сув сарфи йилига 64 млрд метр кубдан ҳозирги кунда ўртача 51 млрд метр кубгача камайган.

Бироқ изчил ислоҳотлар ва рўй берган туб ўзгаришлар, янги ривожланиш стратегиясини шакллантириш ҳамда сув муносабатларининг ижтимоий-иқтисодий асосларининг ўзгарриши сувга оид қонунчиликни қайта кўриб чиқиш заруратини вужудга келтирмоқда.

Қайд этилганидек, Қонун билан тасдиқланаётган Сув кодексида сув муносабатлари соҳасидаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилган.

Жумладан, сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, вазифа ва функцияларига аниқлик киритилмоқда.

Шунингдек, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш шартлари, сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари, сувга доир муносабатларда халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб берилмоқда.

Сув кодексининг қабул қилиниши сувдан оқилона фойдаланиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайди. Соҳа бўйича давлат органларининг бир-бирини такрорловчи ваколатлари билан боғлиқ масалалар ҳал қилинади. Сув етказиб берувчилар ва истеъмолчиларининг масъулияти ортади.

 Шунингдек, Қонун мамлакатнинг сув хавфсизлигига эришишига хизмат қилади. Унда сув тақчиллиги кучайиб бораётган даврда барча иқтисодиёт тармоқлари ва атроф муҳитнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув инфратузилмаси ва суғориладиган ерлар ҳолатини яхшилаш каби масалалар қамраб олинган.

Бундан ташқари, сув хўжалигини узоқ муддатли ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш ва технологик модернизация қилиш рағбатлантирилади.

Шу билан бирга, Қонун халқаро сув ҳуқуқи нормаларини миллий сув қонунчилигига сингдириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини яхшилашга хизмат қилади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг