Бугун Тармоқ ишчи гуруҳининг (ТИГ) сув ресурсларини бошқариш тармоғида донорлик кўмаги самарадорлигини ошириш бўйича навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашувнинг асосий мақсади сув тармоғи ислоҳотларини амалга ошириш, хусусан, Ҳукуматнинг 2021-2023 йилларда сув стратегияси юзасидан қарашлари, устувор масалалар ва муаммоларни муҳокама қилиш эди. Сув тармоғидаги донорлар бир-бирларини тўлдириш ва Ўзбекистон сув тармоғидаги жорий лойиҳалар томонидан режалаштирилган тадбирлар доирасида такрорларнинг олдини олиш, шунингдек, ҳамкорликдаги ишларни мувофиқлаштириш учун аниқ чоралар ишлаб чиқиш ва механизмларни такомиллаштириш, фаолият ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишда узоқ муддатли ҳамкорлик мақсадида ўзларининг амалдаги дастурлари ва келажакка белгиланган устувор масалаларни тақдим этдилар.
Сув тармоғи донорларини мувофиқлаштиришнинг тармоқ ишчи гуруҳи ривожланиш йўлида тармоқда самарали ва мувофиқлаштирилган ишни таъминлашга қаратилган ҳукумат ва ҳамкорлар ўртасидаги диалог учун майдон бўлиб хизмат қилади. Бу йилдан эътиборан Швейцария бу гуруҳнинг ҳамраиси саналади.
ТИГнинг навбатдаги йиғилишига ОТБ, Инфраструктура инвестициялари Осиё банки, ЕТТБ, ЕИ, GIZ ваколатхоналари, Қишлоқ хўжалиги ривожланиши халқаро фонди, Ислом тараққиёт банки, JICA, KOICA, SDC, UNDP, USAID ва Жаҳон банки ваколатхоналарининг вакиллари таклиф қилинган.
Сув ресурсларини бошқариш учун иқлим ўзгаришига мослашиш чоралари, сув инфраструктурасини ривожлантиришда ҳамда сув инфраструктурасидан фойдаланиш ва хизмат кўрсатишда давлат-хусусий шерикчилик механизмларини татбиқ этиш бўйича Ҳукуматнинг узоқ муддатли ва қисқа муддатли инвестицион режалаштириш юзасидан стратегик қарашлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, сув тармоғидаги жорий тадбирлар ва донорларнинг келажак режалари ҳақидаги ахборот эшитилди. Натижада бир қатор йўналишлар ва механизмлар белгиланди ҳамда донорлик фаолиятини мувофиқлаштиришни яхшилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди. Лойиҳаларнинг маълумот базасини яратиш ва Тематик мавзулар бўйича техник ишчи гуруҳларни яратиш шулар жумласидан.