Валюта курслари 23/12/2024
$1 – 12893.07
UZS – 0.14%
€1 – 13386.87
UZS – -0.15%
₽1 – 125.96
UZS – 0.97%
Қидириш
Иқтисод 25/01/2016 Сурхондарё вилоятида 117,8 млн. долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди
Сурхондарё вилоятида 117,8 млн. долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Сурхондарё вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот 9,2 фоиз, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 9,8, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,1, қурилиш-монтаж ишлари ҳажми 14,8 фоизга ошди.

Вилоятнинг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури доирасида қарийб 21 миллион доллар қийматидаги 116 лойиҳа амалга оширилди, 1 минг 900 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. Ишга туширилган учта янги корхонада 34 турдаги музқаймоқ, 20 турдаги чинни буюмлар ва йилига 23 миллион дона фармацевтика воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 66 мингдан ортиқ янги иш ўрнининг 47 минг 965 таси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келди.

Ҳисобот даврида ҳудудий корхоналар томонидан 117,8 миллион доллар қийматидаги маҳсулот ва хизматлар экспорт қилиниб, “Сурхондарё агрофирма”, “Бойсун Омонхона шарбати”, “Экспо Тайм” масъулияти чекланган жамиятлари каби 15 янги корхона илк марта экспорт фаолиятига жалб этилди.

Вилоятнинг инвестиция дастури асосида давлат бюджетидан 47,1 миллиард сўмлик маблағ ўзлаштирилиб, 195 ижтимоий соҳа объектида қурилиш ишлари амалга оширилди. Натижада 24 умумтаълим мактаби тўлиқ капитал таъмирланди, 10 соғлиқни сақлаш, 5 болалар спорти иншооти, 9 касб-ҳунар коллежи янгидан қурилди ва реконструкция қилинди. 24 аҳоли пункти тоза ичимлик суви билан таъминланди. Халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш учун 70,6 миллиард сўмлик маблағ сарфланди.

Вилоятдаги 14 замонавий массивда 975 намунавий лойиҳа асосидаги уйлар бунёд этилиб, 27,5 километр сув, 32,5 километр табиий газ қувури тортилди. 24 километр электр тармоғи, 24,7 километр ички йўл барпо этилди.

Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, вилоятнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Айрим соҳаларда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Сурхондарё вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.Азимов сўзга чиқди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг