Суд жараёнида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишга оид қонун кўриб чиқилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда судлов фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан судларга мурожаат қилиш жараёнларини либераллаштирмоқда.
Шунингдек, бу соҳадаги ислоҳотлар одил судловга эришиш даражасини ошириш билан бирга судлар фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш имконини бермоқда.
Мажлисда сенаторлар томонидан бугунги кунда видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали процессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурияти мавжудлиги қайд этилди.
Муҳокама қилинган Қонунда Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишининг ҳуқуқий асосларини яратувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, Фуқаролик процессуал кодексида видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида масофадан иштирок этаётган гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги, шунингдек гувоҳнинг қасамёди аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилиши, бу ҳақида суд мажлиси баённомасида кўрсатилиши кераклиги белгиланмоқда.
Ушбу Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.