Валюта курслари 12/03/2025
$1 – 12931.94
UZS – -0.06%
€1 – 14107.45
UZS – 0.37%
₽1 – 150.18
UZS – 3.13%
Қидириш
Технологиялар 06/03/2025 Startup Garage Марказий Осиёдан MENAда ўз офисини очган биринчи венчур студиясига айланди

Startup Garage Марказий Осиёдан MENAда ўз офисини очган биринчи венчур студиясига айланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг етакчи венчур студияси Startup Garage Қатарнинг Доҳа шаҳрида янги офис очиб, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка (MENA) минтақасида фаолиятини кенгайтирмоқда. Бу кенгайиш Startup Garageни Марказий Осиёдан MENA ҳудудида ўз офисини очган илк компанияга айлантирди. Ушбу ташаббус икки минтақа ўртасидаги инновацион ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Startup Garage асосчиси Муҳаммад Халил етакчилигида компания атиги саккиз ой ичида Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудида ўз фаолиятини йўлга қўйди. Aloqa Ventures кўмагида ишлаётган венчур студия стартапларга менторлик, молиявий кўмак ва стратегик йўл-йўриқ кўрсатиб келмоқда. MENA бозорига чиқиш орқали Startup Garage Ўзбекистон стартаплари учун Яқин Шарқдаги тез ривожланаётган бозорларга йўл очади, шунингдек, MENA ҳудудидан Марказий Осиёга кенгайишни истаган стартапларга ёрдам беради.

“Ушбу кенгайиш Ўзбекистон ва MENA минтақасини боғлашда муҳим қадамдир,” – деди Startup Garage асосчиси Муҳаммад Халил. “Ўзбекистон кучли ҳукумат ташаббуслари, қулай инвестицион муҳит ва жадал ривожланаётган стартап экотизимига эга. MENA бозорига чиқиш орқали биз инновациялар, инвестициялар ва бозор кенгайтирилишини қўллаб-қувватловчи икки томонлама канал яратмоқдамиз. Startup Garage мақсади – стартапларни Тошкентда, Доҳада ёки бошқа шаҳарларда кенгайтириш учун зарур бўлган ресурслар билан таъминлашдир.”

Ўзбекистон Президенти ташаббуси доирасида, “Ёшлар банки” сифатида ҳам танилган Алоқа Банк қўллаб-қувватлаган Startup Garage ёшлар етакчилигидаги стартаплар учун Aloqa Ventures  фонди орқали Ўзбекистон стартап экотизимини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Дастур аллақачон 100 дан ортиқ маҳаллий стартапни қўллаб-қувватлади, улардан 10 таси ташқи инвестиция олиш жараёнида, 3 таси эса 1 миллион долларга яқин сармоя жалб қилиш бўйича келишувга эришган. Startup Garage резидент стартаплари ўз ўсишларини тезлаштириш учун 10 000 долларгача сармоя олиш имкониятига эга бўладилар, бу эса экотизим ривожланишига катта туртки беради.

Aloqa Ventures ижрожи директори Сухроб Гайбуллоев шундай деди: “Startup Garageнинг MENA бозорига чиқиши стартаплар учун мисли кўрилмаган имкониятларни очади. Биз Ўзбекистон ва MENA ўртасидаги ҳамкорликда улкан салоҳиятни кўрмоқдамиз ва ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз. Минтақавий инновациялар ва иқтисодий ўсишга кучли туртки беришга ишонамиз.”

Мазкур кенгайиш доирасида Startup Garage қуйидаги йўналишларга эътибор қаратади:

·       Салоҳиятли стартапларни инкубация қилиш

·       Минтақавий акселератор дастурларини ишга тушириш

·       MENA ҳудудидаги инвесторлар, давлат идоралари ва йирик корпорациялар билан стратегик ҳамкорликни ривожлантириш

Startup Garage ҳақида

Startup Garage – Ўзбекистоннинг биринчи венчур студияси бўлиб, стартапларнинг ривожланишини стратегик қўллаб-қувватлаш, мураббийлик ва инвестициялар орқали ўсишини тезлаштиришга хизмат қилади. 14 та ҳудудда фаолият юритаётган компания кейинги авлод тадбиркорларини тарбиялашда муҳим роль ўйнамоқда. MENA бозорига чиқиш орқали Startup Garage Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасидаги чегаралар аро инновациялар, инвестициялар ва технологик ҳамкорликни ривожлантиришни мақсад қилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг