Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Cоғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Даврон Султанов Польшанинг Тиббий маҳсулотлар, тиббий жиҳозлар ва биоцид маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш идораси президенти Гжегож Чесак бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва Польша миллий назорат органи ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми ҳамда унинг ижросига қаратилган «йўл харитаси» бўйича режалар ҳақида фикр алмашилди.
Мулоқот давомида Гжегож Чесак юртимизда ҳукумат томонидан фармацевтика соҳасига қаратилаётган эътибор туфайли маҳаллий, рақобатбардош ва сифатли дори воситаларини ишлаб чиқариш ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Шунингдек, аҳолини хавфсиз ва безарар дори воситалари билан таъминлашда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази фаолияти, шунингдек, «Tashkent Pharma Park» кластерида инвесторлар учун яратилган имкониятларни алоҳида этироф этди.
Учрашув якунида томонлар «йўл харитаси»да белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш ҳамда соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишиб олди.