ССВ: Энди тез тиббий ёрдам хизматида электромобиллардан фойдаланилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ipoteka bank OTP Group томонидан Республика тез тиббий ёрдам марказига 10 дона “BYD Seagull” русумли замонавий электромобиллар тақдим этилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва банк раҳбарияти, соҳа масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Унда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Баситханова сўзга чиқиб, бундай ҳамкорлик мамлакатимиз аҳолисига тез тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда мазкур молия муассасаси тиббиёт ташкилотлари, таълим муассасалари, суғурта, ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасидаги компанияларга яқиндан кўмак беради.
Қайд этиш жоизки, тақдим этилган ушбу электромобиллар Республика тез тиббий ёрдам марказининг 10 та ҳудудий филиали ўртасида тақсимланиб, тизимда тажриба тариқасида фойдаланилади ҳамда унинг натижалари бўйича зарур таклифлар ишлаб чиқилади.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда тез тиббий ёрдам тизимида 2 857 та тиббий бригада фаолият юритиб, 3 100 дан зиёд автотранспорт воситаси аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқда. Мазкур автомашиналарнинг 574 таси эса "B" тоифали реанимобиллар ҳисобланади.