Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёевга спорт соҳасида эришилган натижалар ва халқаро мусобақаларга кўрилаётган тайёргарлик бўйича ахборот берилди.
Мамлакатимизда спорт анча оммалашган, ёшлар спортсевар. Давлатимиз раҳбари ғояси билан ташкил этилган “Беш ташаббус олимпиадаси” жисмоний маданиятни янада кенг ёйишга хизмат қилмоқда.
Ўтган йили мазкур олимпиада доирасидаги мусобақаларда 6 миллион 400 минг нафар ёшлар қамраб олинди. Спорт инфратузилмаси яхши ривожланмаган, олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда 449 та намунавий спорт майдончаси барпо этилди.
Беш босқичли оммавий мусобақаларда қарийб 12 минг нафар иқтидорли ёшлар танлаб олиниб, спорт мактабларига йўналтирилди. Соҳадаги ҳар бир мактаб муайян спорт турларига ихтисослаштирилиб, янги инвентар ва анжомлар билан таъминланди. Буларнинг натижасида миллий терма жамоаларга спортчи етказиб бериш кўрсаткичи ҳам ошмоқда.
Профессионал спортчиларни халқаро мусобақаларга тайёрлаш бўйича ҳам зарур чоралар кўрилмоқда. Айни кунларда Жанубий Кореяда ўтаётган ўсмирлар ўртасида IV қишки олимпия ўйинларида тоғ чанғиси бўйича спортчиларимиз иштирок этмоқда.
Маълумки, бу йил Париж шаҳрида тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси – ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Ҳозирга қадар атлетларимиз уларга, мос равишда, 17 та ва 34 та йўлланмани қўлга киритган. Спортчиларимизнинг яна йўлланмалар олиши ва мусобақага пухта тайёргарлик кўриши учун барча шароит яратилган.
2025 йилда Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган ёшлар ўртасида Осиё ва Параосиё ўйинларига ҳам тайёргарлик кўрилмоқда. Олимпия шаҳарчаси қурилиши жадал давом этмоқда.
Жорий йилда ижтимоий дастурлар доирасида 42 та спорт иншооти қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. “Беш ташаббус олимпиадаси” қамровини янада кенгайтирган ҳолда, иштирокчилар сонини 7 миллионга етказиш мўлжалланган. Спорт мактабларида қўшимча мингдан ортиқ гуруҳлар очиш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари спорт таълимини ривожлантириш, спортчиларни халқаро мусобақаларга тайёрлашда илғор ёндашувларни қўллаш бўйича кўрсатмалар берди.