Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Миллий олимпия қўмитасида спорт тиббиёти масаласига бағишланган йиғилиш ташкил қилинди. Унда Бош котиб Жасур Матчанов, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдушукур Содиқов ҳамда марказ ходимлари иштирок этишди.
Йиғилиш давомида марказнинг илмий лойиҳалари, спортчиларнинг математик моделдан фойдаланган ҳолда мусобақаларда қайд этиши мумкин бўлган кўрсаткичлари таҳлили, психодиагностика, фармакалогия масалалари муҳокама қилинди. Спортчилар учун рухсат этилган дори воситалари рўйхати тайёрланганлиги, уларнинг спорт турлари бўйича ажратиб чиқилгани, методик қўлланма сифатида чиқарилиши ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, спорт федерациялари ва ассоциацияларида фаолият юритаётган терма жамоа шифокор ва мураббийлари учун 8 та методик қўлланма тарқатилади. Шунингдек, йиғилишда профессор Искандар Мавлонов сўзга чиқиб, профессионал кадрлар тайёрлаш, олиб борилаётган тадқиқот ишлари масаласида гапириб ўтди.
Азиз Мўминов эса Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолияти, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳақида тақдимот ўтказди. Бугунги кунга келиб спортчиларимиз белгиланган режа асосида тиббий кўрикдан ўтишмоқда. У ўз чиқиши давомида ўтган йилда олиб борилган тиббий текширувлар, спортчиларимизнинг соғлиғида юзага келган муаммолар, уларнинг ечими ва амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида гапирди.
Спортчиларимизни Токио Олимпиадасига тайёрлашда тиббий йўналишда ҳам индивидуал томонлама ёндошув йўлга қўйилган. Бунинг учун айни пайтда «спортчи паспорти» жорий этилмоқда. Унда аввалги касалликлар, машғулотлар жадвали, ғалабалари акс этади. Бу орқали спортчи ҳақидаги тўлиқ тасаввурга эга бўлиш мумкин. Шунингдек, унинг жисмоний ҳолатидан ҳам хабардор бўлиб туриш имконияти пайдо бўлади.
«Мобил лаборатория» мавзусида эса Суннат Йўлчиев тақдимот ўтказди. Унда спортчиларимизнинг ҳолати, уларга берилаётган юкламалардаги натижалар кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов мазкур методик қўлланмаларни спорт федерация ва ассоциация вакилларига шунчаки берибгина қолмай, бу бўйича уларга батафсил тушунтириш ишлари олиб бориш лозимлиги ҳақида гапирди, ушбу йўналиш юзасидан ўзининг тегишли тавсияларини берди.
Манба: Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси.