8 август куни Токио XXXII ёзги Олимпия ўйинлари ўз ниҳоясига етди. Хитой олимпия терма жамоаси умимий медаллар сони ҳамда олтин медаллар сони бўйича иккинчи ўринни эгаллади. Жамоа умумий ҳисобда 88 та, шулардан 38 та олтин, 32 та кумуш ва 18 та бронза медалларини қўлга киритди. Бу Хитой учун 2012 йилги Лондон Олимпиадасидан кейинги муваффақиятли натижа бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси ҳам умумий ҳисобда 5 та, шулардан 3 та олтин ва 2 та бронза медалини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Бу Марказий Осиё мамлакатлари ичида энг яхши натижа ва МДҲ давлатлари ичида эса 2-яхши натижа бўлди. Ўзбек халқи олимпиада иштирокчиларини катта тантана билан қарши олди.
Спорт инсониятнинг умумий тили ҳисобланиб, унда инсон нафақат ўз имкониятларини, балки миллатнинг руҳи ва орзу-истакларини ҳам намоён қилади. Токио Олимпиада ўйинларида Хитой ва Ўзбекистон спортчилари ўзларининг интилувчанлиги ва жанговор руҳияти билан бутун дунё эътирофига сазовор бўлдилар. Биз барчамиз 10 метр баландликдан сакрашда 3 та раундда ҳам 10 балл олган 14 ёшли сакровчи Цюань Хунчаннинг чиқишидан; ўз давлатига олиб келинган биринчи олтин медаль эгаси 19 ёшли Улуғбек Рашитовнинг ёрқин дебютидан; стол тенниси бўйича барча олтин ва кумуш медалларни қўлга киритган Хитой терма жамоасининг ғалабасидан; машҳур ўзбек боксчиси Баҳодир Жалоловнинг етакчилик билан қозонган ғалабасидан; спринтер Су Бинтяннинг ўз натижаларидан кўра юқори натижа кўрсатиб, Осиё рекордини янгилашидан; 46 ёшли Оксана Чусовитинанинг ўзи ва мамлакати учун олиб борган курашидан қаттиқ таъсирландик.
Спортда юқори натижаларга эришиш билан бирга, Хитой оммавий спорт миллий стратегиясини бутун дунё бўйлаб тарғиб қилмоқда. 2020 йилнинг охирида 3 млн 713 мингта спорт объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг умумий майдони 3.1 млрд метр2ни ташкил қилади, ҳар бир киши бошига 2.2 метр2дан тўғри келади. Хитой халқи борган сари кўпроқ ғайрат билан спорт ва жисмоний машқлар билан шуғулланмоқда. Спорт объектларида, дам олиш хиёбонларида, шаҳарларда, барча жойларда спортнинг футбол, волейбол, теннис, стол тенниси, таицзи, юриш каби турли шакллари билан шуғулланаётган ҳаваскорларни кўриш мумкин. Шу йилнинг август ойида Хитой ҳукумати «Жисмоний маданият ва оммавий спортни ривожлантиришнинг миллий дастури (2021-2025 йиллар)»ни эълон қилди, унда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш учун жамоатчилик хизматлари тизимини ташкил қилиш, жисмоний маданиятнинг таълим билан чуқур интеграциялашуви, оммавий спортнинг комплекс ривожланиши учун спортнинг соғлиқни сақлаш тизими ва туризм билан уйғунлашуви учун ҳам режалар белгилаб олинган.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳам оммавий спортни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. 2019 йил Ўзбекистон Республикаси вазирлар маҳкамаси «2019-2023 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш Концепцияси»ни қабул қилди. Қарор жисмоний машқлар ва аҳоли соғлиғини сақлаш учун ижобий шарт-шароитни яратиш, шунингдек, спорт резервларини тайёрлаш тизимини доимий шакллантириб бориш учун инновацион услублардан ва энг яхши анжомлардан фойдаланиш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилган. 2020 йил январида Президент Ш.М.Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада тaкомиллaштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармонни имзолади. Фармонда 2025 йилга қадар жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш, спорт ва жисмоний тарбия билан доимий шуғулланаётган аҳоли сонини кўпайтириш, 2025 йилга қадар 30% га етказиш, мактаб, ҳиёбонларни спорт анжомлари билан таъминлаш, спорт туризмини ривожлантириш ва спорт бўйича иқтидорлиларни танлаб олиш механизмини такомиллаштириш мақсади қўйилди.
Сўнгги йилларда икки давлат тегишли органларнинг фаол иштироки натижаси ўлароқ Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги спорт алоқа ва ҳамкорликлари янада чуқурлашиб бормоқда. 2019 йил февраль ойида Спорт ва жисмоний тарбия масалалари бўйича бош давлат бошқарувчиси, Хитой Миллий Олимпия қўмитаси президенти Гоу Чжунвэнь ўша вақтдаги Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев билан учрашди. Томонлар икки давлат ўртасида спорт алоқалари ва ҳамкорликларини мустаҳкамлаш борасида фикр алмашдилар ҳамда Хитой ва Ўзбекистоннинг спорт борасидаги ҳамкорлиги ҳақида келишувни имзоладилар. 2020 йилнинг сентябрида директор Гоу Чжунвен ва Миллий Олимпия қўмитаси президенти Р.Шаабдурахмонов ўртасида видеоконференция форматида учрашув ўтказилди ва икки давлат Олимпия қўмиталари ҳамкорлигига доир меморандум имзоланди. Икки давлат спортчилари шу давлатлар ҳудудида ўтказиладиган халқаро мусобақаларда фаол иштирок этадилар ва ҳамкорликдаги мусобақаларда ўзаро тажриба алмашиб ўз натижаларини янгилайдилар. Хитой ва Ўзбекистон аҳолиси спорт билан шуғулланишни яхши кўрадилар ва соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қиладилар, бизнинг давлатларимиз спорт соҳасида юксак натижаларга эришиш ва оммавий спорт борасида ҳамкорлик учун катта имкониятга эгалар.
2022 йил феврал ойида Хитой Пекин ва Чжанцзякоуда XXIV қишки Олимпиада ўйинларини қабул қилади. Бу Хитойда 2008-йилги XXIX ёзги Олимпиада ўйинларидан кейин ўтказиладиган навбатдаги Олимпиада ўйинлари ҳисобланиб, Пекин тарихда биринчи марта ёзги ва қишки Олимпиада ўйинларини қабул қилган «Икки Олимпиада Пойтахти» га айланади. Хитой экологик маҳсулотлар концепциясига таянган ҳолда, очиқлик билан бутун дунёга ёрқин, ажойиб, ёдда қоларли тантанавор спорт ўйинларини намойиш қилиш мақсадида Қишки Олимпиада ва Паралимпиада ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда. Хитой Олимпия оиласининг «қор ва муз орзуси»ни биргаликда амалга ошириш учун Пекинда турли мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон спортчилари билан учрашишни орзиқиб кутмоқда. Биз Хитой ва Ўзбекистон Пекин Қишки Олимпия ўйинларида ҳамкорликни давом эттиришларига ҳамда Олимпия ўйинлари ва спортнинг ривожланишига ҳисса қўшишларига умид қиламиз. Бир сўз билан айтганда, спорт алоқалари хитой-ўзбек дўстлигининг янги боғловчи бўғинига айланиши учун ҳаракат қиламиз.
ХХР элчиси Цзян Янь хонимнинг муаллифлик мақоласи