SPAS маълумотлар базасига қўшилиш бандликни кафолатламайди: Миграция агентлиги EPS Korea билан муаммоларни муҳокама қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев ва Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг Ўзбекистондаги “EPS” маркази раҳбари Kim Hyun Sung ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда, Жанубий Кореяда ишлаш мақсадида имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган, аммо иш берувчи томонидан танланмаётган фуқароларнинг норозиликларини келтириб чиқараётган сабаблар муҳокама қилинди.
Бугунги кунда EPS-TOPIK тестидан ўтиб, SPAS электрон базасига киритилган ўзбекистонликлар сони 15 минга яқин. Эътибор бериш керак, имтиҳондан ўтди ва SPAS базасига киритилди дегани ишлаш учун танланишни кафолатламайди!
Жараёнларни енгиллаштириш, кадрларни шаффоф тарзда танлаш, коррупцияга йўл қўймаслик, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, тил кўникмаларини мустаҳкамлаш юзасидан Миграция агентлиги раҳбарияти Корея томонига аниқ таклифлар берди ҳамда талаб этиладиган барча шароитларни яратиб беришга тайёр эканлигини билдирди.
Якунда, Кореянинг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати (HRD Koreya) президенти билан учрашув ташкил қилиш ва мавжуд муаммоларга ечим бўладиган механизм ишлаб чиқишга келишилди.