Қарийб икки ойдирки, дунёда коронавирус пандемиясининг янги тўлқини авжида. Мутахассислар буни COVID-19нинг янги мутациялари кенг тарқалиши билан изоҳлаяпти.
Хусусан, «омикрон»нинг қатор субвариантлари, айниқса, «кентавр» номли ўта юқумли кичик штамми, шу билан бирга, «дельтакрон» деб аталган гибрид мутацияси одамларда жиддий хавотирларни уйғотаётган эди.
Кеча россиялик шифокорлар коронавируснинг ушбу турига чалинган беморларда касаллик қандай кечаётгани билан боғлиқ таҳлилларини эълон қилди.
Унда айтилишича, кейинги пайтларда мамлакатда «кентавр»ни юқтирган беморлар сони кўпайиши қайд этилган. Бироқ бу субвариант «дельта» штамми сингари барчага бирдек хавф солаётгани йўқ.
Ундан кексалар ва сурункали касалликларга чалинганлар кўпроқ азият чекмоқда. Қолаверса, «кентавр» оқибатида ўпканинг зарарлаши кузатилаётгани йўқ.
Мазкур мутация асосан ротавирусга хос аломатлар билан намоён бўлмоқда. Беморларнинг 50 фоизида эса диарея ва қусиш ҳолатлари қайд этиляпти. Бундан ташқари, бош оғриғи ва баъзида безовталикдан шикоят қилувчилар ҳам бор.
«Касаллик 5-7 кун давом этяпти, — дейди рус шифокорлари. — Бешинчи кунга бориб ПЗР тести манфий натижани кўрсатмоқда. Тромбофилия, юрак-қон томир хасталикларига чалинган, интоксикация ва юқори тана ҳароратига таъсирчан беморларда хасталик бирмунча оғир ўтмоқда".
Шунингдек, мутахассислар «дельтакрон»га хос асосий белгилар ҳақида ҳам маълумот берди.
Қайд этилишича, бу штамм коронавируснинг аввалги мутацияларига нисбатан юқумли. Шу билан бирга, «омикрон»га таққослаганда, стационар даволанишни кўпроқ талаб этади. Яъни касаллик бироз қийин ўтади.
«Дельта» штаммида тана ҳароратининг кўтарилиши узоқ вақт кузатилган бўлса, «омикрон»да бу ҳолат 1-3 кун давом этади. Иситманинг юқори кўрсаткичи ҳам фақат бир кун қайд этилади.
Шу билан бирга, «омикрон»га чалинганда ўпканинг зарарланиши хавфи минимал даражада. Томоқ оғриғи ва қуруқ йўтал унга хос белгилар сирасидан.
«Дельта» таъм ва ҳид билиш қобилияти йўқолиши, ошқозон-ичак трактидаги бузилишлар билан намоён бўлади. «Омикрон»га чалинганлар эса кўпроқ ҳолсизлик ва бош оғриғидан шикоят қилишади.
«Дельтакрон» ана шу ҳар икки штаммга хос аломатларни ўзида қисман мужассам этган. Яъни у қисқа муддатли юқори тана ҳорорати, ҳид билиш қобилиятининг йўқолиши, ўпканинг зарарланиши бу гибрид вариантга тегишлидир.