Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Молия 04/06/2018 Солиқ юки: даромадлар тенг, аммо… (давоми)
Солиқ юки: даромадлар тенг, аммо… (давоми)
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жисмоний шахсларни солиққа тортишда тенглик тамойилларига қанчалик риоя қилинаётгани хусусида айрим мулоҳазалар. (Охири. Бошланиши “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетасининг 2018 йил 24 май, 21 (759) сонида чоп этилган).

Амалиёт нимадан дарак бермоқда?

Горизонтал тенгликка тааллуқли муаммони айнан бир турдаги фаолиятдан даромад олаётган шахсларни солиққа тортиш амалиётида ҳам кузатиш мумкин. Масалан, амалдаги Солиқ кодексининг 180-моддасида айрим соҳалар вакиллари соҳага оид иш фаолиятидан тушадиган даромадлари бўйича солиқдан озод этилиши баён этилган. Хусусан, судьялар, прокурорлар, ички ишлар ходимлари, мудофаа, хавфсизлик хизмати, божхона ва шу каби соҳалар вакиллари солиқ тўламайдилар. Эҳтимол, мазкур соҳалар бюджетдан таъминлангани туфайли шундай имтиёз берилгандир? Аммо бюджет ташкилотлари жуда кўп-ку! Турли-туман вазирликлар, қўмиталар, ҳокимликлар, таълим ва тиббиёт муассасалари… Бироқ уларда меҳнат қилаётганларнинг барчаси беистисно даромад солиғи тўлайди. Ҳатто солиқ йиғадиган идоралар хизматчилари маошларидан ҳам солиқ ундирилади. Олий Мажлис депутатлари ҳам мунтазам равишда даромад солиғи тўлайдилар.

Хўш, қандай асосларга кўра юқорида зикр этилган соҳалар вакиллари даромад солиғидан озод қилинган?

Бундай енгиллик қўлланилишига мазкур соҳа вакилларининг маошлари кўп эмаслигини важ қилиб кўрсатиш мумкин. Аммо бу гап ҳақиқатдан йироқлиги ҳаммага маълум. Ваҳоланки, улар ҳам ҳамма қатори солиқ тўласалар, маошлари янада кўпайиши мумкин эмасми? Чунки иш ҳақини оширмасликка ҳеч қандай тўсиқ қолмайди. Тилга олинган соҳалар вакилларининг иши жуда машаққатли, масъулиятли ва жамият учун аҳамияти катта эканлигини яна бир сабаб сифатида келтириш мумкин. Тўғри, улар кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлайди. Лекин, айтайлик, шифокор, ўқитувчи ёки қурувчи ҳам улардан кам меҳнат қилмайди-ку! Демак, жамиятда муҳим бўлмаган соҳа ёки касб мавжуд эмас; оддий мисол, ҳаётимизни уч-тўрт ой сартарошсиз тасаввур қилиш мумкинми?..

Баъзан айрим тоифадаги шахслар даромад солиғидан асосли равишда озод қилиниши мумкин. Хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарининг ёки халқаро ноҳукумат ташкилотларнинг ходимлари (уларнинг даромадлари ўз давлатлари томонидан солиққа тортилади), ногиронлар, уруш қатнашчилари, боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олмайдиган ёлғиз аёллар шулар жумласидан. Бироқ бизда солиқ тўлашдан озод қилинган соҳалар вакилларини бундай тоифаларга ҳам киритиб бўлмайди. Хуллас, фикримизча, Солиқ кодексининг 180-моддасини қайта кўриб чиқиш даркор. Зеро, жамият аъзоларининг барчаси бирдек солиқ тўлаши каттаю кичик солиқ ислоҳотларида холис ва фаол қатнашишига замин яратади. Бу борада тенгликка эришиш мамлакатнинг солиққа оид қонунчилигини умумжаҳон солиқ амалиёти даражасига кўтариш сари ташланган яна бир муҳим қадам бўлади.

Қонуний, бироқ номақбул

Жисмоний шахс даромадларини солиққа тортишдаги горизонтал тенгсизлик бошқа бир муаммони ҳам келтириб чиқариши мумкин. У солиқ тўловчиларнинг солиқдан қонуний йўсинда қочишида, жумладан, жисмоний шахсларнинг даромад солиғи миқдорини қонуний, лекин номақбул тарзда камайтиришга интилишида намоён бўлади.

Муаммони ҳаётий мисол ёрдамида изоҳлашга ҳаракат қиламиз. Тасаввур қилайлик, бир кишининг масъулияти чекланган жамият шаклидаги хусусий корхонаси бор. Аксарият ҳолларда бундай шахслар корхонанинг ҳам таъсисчиси, ҳам раҳбари сифатида фаолият юритади. Унда корхона даромадлари муайян қисмини ўзига йўналтиришнинг икки усули мавжуд: 1. Раҳбар сифатида корхона даромадидан маош олиш. 2. Корхонанинг таъсисчиси ёки акциядори сифатида келаётган фойдадан ўз улушини дивиденд тарзида олиш.

Бугун маошга нисбатан энг юқори солиқ ставкаси 22,5 фоизни ташкил этишини, дивидендга нисбатан солиқ юки эса бор-йўғи 10 фоизлигини ҳисобга олсак, табиийки, тилга олинган шахсда корхона даромадларидан ўз улушини маош шаклида эмас, балки дивиденд тарзида олишга хоҳиш пайдо бўлади. Шахс корхонанинг эгаси ва раҳбари бўлгани сабабли буни амалга ошириши қийин эмас. У корхона раҳбари сифатида ўз маошини камроқ белгилаб, даромадни корхонадан асосан дивиденд шаклида олишга ҳаракат қилади. Шу тариқа маош сифатида тўланиб, 22,5 фоиз миқдорда солиққа тортилиши керак бўлган даромад сунъий равишда дивидендга айлантирилиб, ундан 10 фоизгина солиқ тўланади. Ойдинлашяптики, солиқ ставкалари ўртасидаги тафовут шундай номақбулликларга йўл очяпти.

Солиқ билан даромад орасидаги номутаносиблик

Қайд этилганидек, aмалдаги қонунчиликка биноан хусусий тадбиркорга нисбатан солиқ тадбиркорлик фаолияти турига қараб энг кам ойлик иш ҳақининг 1 дан 7 баробаригача миқдорда ойлик солиқ тўлови шаклида амалга оширилади. Бундай тартиб эндигина тадбиркорлик бошлаганлар учун мушкуллик туғдирса, фаолиятини самарали йўлга қўйиб олганлар учун ниҳоятда фойдалидир.

Айтайлик, икки киши хусусий тадбиркорлик билан машғул. Улар чакана савдо, яъни энг кам ойлик иш ҳақининг 7 баробаригача бўлган миқдорда солиқ тўланиши талаб этиладиган тадбиркорлик тури билан банд. Уларнинг бири — фуқаро А серғайрат шахс, лекин соҳада янги бўлгани туфайли тадбиркорликдан тушадиган бир ойлик ўртача даромади 2 миллион сўмни ташкил этади. Иккинчи киши — фуқаро Б иш бошлаганига анча бўлгани, кўп мижозлар орттиргани боисидан бир ойлик даромади ўртача 50 миллион сўмни ташкил этади. Шунга қарамай, солиқ миқдори фаолият турига қараб аввалдан қатъий белгилаб қўйилгани туфайли фуқаро А ва фуқаро Б нинг даромадлари қанча бўлишидан қатъи назар, бир хил миқдорда солиқ тўлайдилар ва солиқ юки фуқаро А даромадининг ярмидан кўпроғини, фуқаро Б даромадининг эса атиги элликдан бир қисмини ташкил этади. Хулоса шуки, солиқ миқдори қатъий белгилаб қўйиладиган бўлса, даромад миқдори ошганидан кейин тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган фойданинг арзимас бир қисмига айланиб қолиши мумкин. Даромад ошаверади, солиқ ҳажми эса ўзгармайди. Назарий жиҳатдан олганда ишбилармон даромадининг чеки йўқ, у юз сўм ҳам, миллиард сўм ҳам бўлиши мумкин. Муайян давр мобайнида 2-3 миллион сўм даромад топган шахс билан 100-200 миллион сўм фойда олган одамнинг бир хил миқдорда солиқ тўлаши ҳақида фикр юритиб кўринг. Даромад ортгани билан солиқ миқдори ўзгармаслигидан давлат бюджети зиён кўради. Солиқнинг даромадга нисбатан бундай номутаносиблиги хусусий секторнинг, айниқса, саноат, спорт, тиббиёт, ҳуқуқ, архитектура ва қурилиш жабҳаларида яққол кўзга ташланяпти.

Таклиф ва мулоҳазалар

Демак, икки муаммо — даромадлари бир хил бўлган жисмоний шахсларнинг турлича миқдорда солиқ тўлаётгани ҳамда даромадлари ҳажми хилма-хил бўлган фуқаролардан бир хил миқдорда солиқ ундирилаётгани горизонтал ва вертикаль тенглик тамойиллари бузилишига сабаб бўляпти. Мазкур муаммо ечимлари сифатида қуйидагиларни таклиф қиламиз.

Жисмоний шахс даромадларининг барча турлари, яъни маош, тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган фойда ва мулкий даромадларни (ижара ҳақи, қарз фоизи, дивиденд) бир хил ставкалар асосида солиққа тортиш амалиётини жорий этиш керак. Бунда жисмоний шахсларнинг айрим турдаги даромадлари ўзига хос хусусиятларини эътиборга олиш мақсадга мувофиқ. Жумладан:

Хусусий тадбиркорлик. Хусусий тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган даромадларга нисбатан солиқ фақат соф фойдага қаратилиши лозим. Бунда тадбиркорга даромад олиш билан бевосита боғлиқ харажатларни фойдадан чегириб ташлашга имкон бериш зарур.

Ижарадан олинадиган фойда. Мулк бошқарувидан тушадиган даромадга нисбатан солиқ ҳам фақат соф фойда учун қўлланилиши мақсадга мувофиқ. Бунда солиқ тўловчига мулкдан фойдаланишга алоқадор, расман исботлай оладиган харажатларни даромаддан чегириб ташлашга рухсат берилиши керак. Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, солиқ тузилмаларига ҳар бир солиқ тўловчи ижара харажатларининг ҳақиқийлигини текшириш қийинчилик туғдиради. Шунинг учун фуқаро ижара сарф-харажaтларининг ҳақиқийлигини исботлагунга қадар солиқ идораси Швецияда бўлгани каби мазкур харажaтларни ижара даромадининг 30 фоизи деб ҳисоблаши мумкин. Бошқача айтганда, йил давомидаги жами ижара тушумини 10 миллион сўм деб олсак, соф фойда 7 миллион сўм деб топилади ва мазкур сумма жисмоний шахсларга белгиланган умумий ставкаларда солиққа тортилади. Фуқаро ижара харажатлари бундан кўплигини исботлай олса, шунга асосан солиқ олинадиган фойда камайтирилади.

Дивиденд тушуми. Дивиденд даромади шахснинг корхона фойдасидан оладиган улуши бўлиб, корхона даромадидан солиқ ундирилиши орқали солиққа тортилади. Жисмоний шахс ихтиёридаги дивидендни яна бир бора солиққа тортиш бир даромадга икки марта солиқ солиш муаммосини пайдо қилади. Ушбу масалани жисмоний шахс дивиденд даромадининг бир қисмини солиққа тортиш билан ҳал қилиш мумкин. Мисол учун, жисмоний шахс дивиденд даромадининг 75 фоизигагина солиқ солиниши мумкин. Бу борада Туркия тажрибасини қўллаш тўғрисида ҳам ўйлаб кўриш керак. Шу ҳам эътиборга моликки, солиқ қонунчилигини ислоҳ қилиш тўғрисидаги концепцияда юридик шахслар даромадига нисбатан солиқни бекор қилиш таклифи ҳам илгари сурилган бўлиб, у қабул қилинган тақдирда дивидендни ана шундай йўсинда солиққа тортишга эҳтиёж колмайди. Дивидендлардан ҳам жисмоний шахснинг бошқа даромадлари каби ягона солиқ олинади.

Жисмоний шахслар (солиқ резидентлари) йиллик даромадлари муайян қисмини даромад солиғидан озод қилиш. Касби, ижтимоий келиб чиқиши, иқтисодий ҳолати ва даромад туридан қатъи назар, барча жисмоний шахслар йиллик даромадларининг белгиланган қисми солиқдан расман озод этилади. Жисмоний шахснинг йиллик даромадларини солиқдан озод этиладиган қисми кўпгина хорижий давлатларда “даромаднинг имтиёзли миқдори” деб аталади. Мазкур миқдор шахснинг яшаш учун зарур бир ойлик маблағи суммасидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши мумкин. Масалан, ушбу сумма бир ой учун 1 миллион сўм деб олинса, солиқ тўловчининг бир йиллик жами даромадининг 12 миллион сўми солиқдан озод қилинади ва даромаднинг ушбу суммадан ортган қисмидангина солиқ ундирилади. Даромад солиғи шахснинг маошидан йил давомида ушлаб қолинган бўлса, маошнинг имтиёзли миқдоридан тўланган солиқ йил ниҳоясида фуқарога қайтарилади (мазкур тизимнинг ишлаш механизми, афзалликлари хусусида келгуси мақоламизда батафсил баён қилишни мўлжаллаяпмиз). Бу услубни амалиётга жорий этиш мамлакат солиқ тизимини такомиллаштиришда алоҳида ижобий аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Чунки:

Биринчидан, бу тизим норасмий иқтисодий фаолият юритиб, солиқ тўламаётган кaм даромадли жисмоний шахслар иши расмий тус касб этишига, уларнинг “пана”дан чиқиб, аста-секин мамлакат ғазнасига ҳисса қўшишларига хизмат қилади.

Иккинчидан, бу тизим аҳолининг кам таъминланган қатлами даромадларининг яшаш учун энг зарур қисми ўзларида қолишига, бинобарин, мазкур тоифани ижтимоий ҳимоялашга, уларнинг камбағаллик чангалидан қутулишига имкон беради.

Учинчидан, даромадларнинг имтиёзли миқдори амалиёти қўлланилиши мамлакат солиқ қонунчилигида ижтимоий адолат, горизонтал ва вертикаль тенглик тамойиллари қарор топишига замин яратади. Ундан барча фуқаролар фойдаланса-да, мазкур тизим, айниқса, шахс даромадлари миқдори камайган даврларда жуда асқотади.

Тўртинчидан, мазкур механизмни жорий этиш воситасида жисмоний шахсларни солиққа тортиш амалиётига босқичма-босқич йиллик солиқ декларацияси тизимини олиб кириш мумкин. Бунда даромаднинг имтиёзли миқдори тизимидан фақат йиллик даромадларини декларация қилган шахсларгина фойдаланиши белгилаб қўйилиши керак. Амалдаги Солиқ кодексининг 34-бобида декларация тизими ҳақида қоидалар бор. Лекин улар солиқ тўловчилар учун қулай ва манфаатли эмас. Солиқ декларация тизими фуқаролар учун тушунарли, содда, қулай бўлиши, бунда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш имконияти яратилиши лозим.

Бешинчидан, даромаднинг имтиёзли миқдори тизимининг жорий этилиши мамлакат солиқчилигини жaҳон солиқ амалиётига яқинлаштиришга хизмат килади.

Хулоса ўрнида

Солиқ қонунчилиги жисмоний шахслар даромад турларининг барчасига нисбатан имкон қадар нейтрал ва тенг муносабатда бўлиши зарур. Шунда, биринчидан, солиққа оид тартиб-таомилларнинг муайян иқтисодий фаолият турини асоссиз рағбатлантирмаслигига ёки аксинча, жазоламаслигига эришилади. Фуқаро даромадларини солиқ омили эмас, унинг иқтидор ва лаёқатлари, бозордаги талаб ҳамда таклиф ва бошқалар белгилай бошлайди. Иккинчидан, солиқ тўловчиларнинг тегишли қонун ҳужжатларига итоаткорлиги, ҳурмати ошади. Учинчидан, бюджетга жисмоний шахслардан тушадиган солиқ тушумлари кўпаяди.

Ушбу мақолани тайёрлашга кўмаклашган юртдошларим — O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси, тадбиркор Аббосхон Аҳмедов, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Ихтиёржон Тўрабоев ва Қўқон шаҳар давлат солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи Нозимжон Ғафуровга самимий миннатдорлик билдираман.

Воҳид ЎРИНОВ, юридик фанлари доктори (DCL, солиқ ҳуқуқи), Нью-Брансвик (Канада) университети профессори.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг