Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги делегациянинг Буюк Британияга ташрифи чоғида мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонасида ушбу мамлакатнинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда «The Economist», «The Financial Times», «The Guardian», «BBC», «bne IntelliNews» ва бошқа матбаа ҳамда электрон нашрларнинг журналистлари иштирок этди.
Британиялик журналистлар Ўзбекистонда кечаётган демократик ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг бориши, жорий йил 24 октябрь куни ўтказиладиган Президент сайловига тайёргарлик жараёни ҳамда Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, жумладан минтақавий ривожланиш масалаларига доир маълумотлар билан таништирилди.
ОАВ вакиллари Ўзбекистоннинг модернизациялашуви жараёни, мамлакатимизнинг минтақавий ва халқаро кун тартибига доир қатор масалалар юзасидан ёндошувлари билан қизиқди. Барча саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.