Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари томонидан аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва ипотека бозорини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар самараси таҳлил қилинди.
Сўнгги беш йилда уй-жой қурилиши қарийб 2 баробар ортиб, аҳоли жон бошига уй-жой билан таъминланиш даражаси 15,7 квадрат метрдан 18,2 квадрат метргача ёки 16 фоизга ошди. 2022-йилда 24,3 мингта, шу жумладан «Янги Ўзбекистон» массивларида 3,5 мингта хонадон фойдаланишга топширилди.
2022-йилда якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ёки сотиб олиш учун тижорат банклари томонидан 37,6 мингта оилага 8,2 триллион сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилди (2021-йилдагига нисбатан 2 маротаба кўп), даромади юқори бўлмаган 16,7 мингта оилага 767,4 миллиард сўм миқдорида субсидия берилди.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва ипотека бозорини ривожлантириш мақсадида 2022-йилда амалга оширилган ишлар:
- йўл ва муҳандислик инфратузилмалари қурилишига республика бюджетидан 730 миллиард сўм, шу жумладан «Янги Ўзбекистон» массивлари учун 470 миллиард сўм ажратилди;
- 282 та тадбиркорлик субъектига банк кредитларини қисман қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасидан 49,5 миллиард сўмлик компенсация тўланди;
- 380 та пудрат ташкилотига 724 та кўпқаватли уй-жой қурилиши учун тижорат банклари томонидан 1,6 триллион сўм миқдорида кредит ажратилди;
- Республика товар хом-ашё биржасининг алоҳида савдо майдончасида 59,6 минг тонна металл прокати ва 36,4 минг тонна цемент сотилди.
Шу билан бирга аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва ипотека бозорини янада ривожлантириш учун масаланинг қуйидаги жиҳатларига эътибор қаратиш тавсия этилади:
- аҳолини уй-жой билан таъминлаш даражасини оширишга қаратилган самарали ислоҳотларни давом эттириш, ипотека бозорини янада ривожлантириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш;
- аҳоли ва тадбиркорларнинг таклифлари асосида талаб юқори бўлган ҳудудларда уй-жой қурилиши учун тегишли инфратузилмаларни яратиш;
- бино ва иншоотлар қурилиши, реконструкцияси ҳамда фойдаланиш даврида энергия самарадорлигини ошириш учун энергия тежовчи «яшил» технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш.