Хусусан, сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли тартибда мурожаат қилишмоқда.
Шу йилнинг 20-сентябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакиллари Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш тўғрисида партиялар раҳбарлари томонидан имзоланган аризалари, Адлия вазирлигининг сиёсий партиялар рўйхатга олинганлиги кўрсатилган маълумотномалари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзодлар тўғрисидаги маълумотларини тақдим этдилар.
Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссиясида Комиссия аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирда Президент сайлови демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятининг муҳим белгиси, халқнинг хоҳиш-иродаси эркин ифодаланиши, жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролар иштирокининг асосий шакли ҳисобланиши таъкидланди.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш мақсадида мурожаат қилиб, тегишли ҳужжатларни тақдим этди.
Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана қайд этилган маълумотномаларни берди.
Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади, – деди Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари К.Адилов. – Амалдаги қонунчиликка мувофиқ сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризалар келиб тушиш навбатига қараб марказий матбуотда эълон қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази