Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 29 ноябрь куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Навоий вилояти Кармана туманида қуввати 300 МВт бўлган қуёш электр станцияси ва 75 МВтлик электр энергиясини сақлаш тизимларини қуриш лойиҳаси бўйича Инвестиция битими имзоланди.
Имзолаш маросимида инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва “Синома EC International Investment Co. Ltd” компанияси бош директори Тсзо Даюн иштирок этди.
Таъкидланганидек, лойиҳанинг ишга туширилиши “Ўзбекистон – 2030” Стратегиясида қайта тикланадиган энергия манбаларини 25 минг мегаваттга ва мамлакат умумий истеъмолидаги улушини 40 фоизга етказиш бўйича мақсадларга эришиш йўлидаги навбатдаги катта қадам бўлади.
Sinoma EC International Investment Co. Ltd 1987 йилда ташкил этилган Sinoma Energy Conservation Co. Ltd компаниясининг шўба корхонасидир. Компаниянинг капиталлашуви $600 млрд, ишчилар сони 2000 нафарни ташкил қилади. Компания саноат объектларининг чиқинди газларидан иссиқлигидан фойдаланадиган WHR электр станцияларини, шунингдек, биомасса электр станцияларини, геотермал ва қуёш электр станцияларини қуришга ихтисослашган. Компания портфелига бутун дунё бўйлаб 1000 дан ортиқ амалга оширилган лойиҳалар киради.