Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Ўзбекистон 03/01/2017 Си Цзиньпин: Ўзбекистон ва Хитой ишончли ҳамкорлардир
Си Цзиньпин: Ўзбекистон ва Хитой ишончли ҳамкорлардир
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Хитой Халқ Республикасининг ишончли ҳамкоридир ва бундан кейин ҳам амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор. Бу ҳақда ХХР Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга юборилган табрикда шундай ёзилган.

2017-йилнинг 2-январь куни Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик алоқаларнинг ўрнатилганлигига 25 йил тўлди.

Номада жумладан шундай дейилади: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Муҳтарам Президент жаноблари!

Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Хитой ҳукумати ва халқи номидан ҳамда шахсан ўз номимдан Сизга ва дўст Ўзбекистон халқига самимий табрикларимни ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Хитой ва Ўзбекистон – яқин дўстлар ва ишончли ҳамкорлардир. Дипломатик муносабатлар ўрнатилгандан буён ўтган 25 йил давомида Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари изчил ва барқарор ривожланмоқда. Давлатларимиз ўртасидаги олий даражадаги учрашувлар мунтазамлик касб этган, ўзаро сиёсий ишонч мустаҳкамланмоқда. "Бир қутб, бир йўл” барпо этилишида дастлабки муҳим натижаларга эришилди, “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик самарали ривожланмоқда. Мамлакатларимиз асосий манфаатларига доир масалаларда бир-бирини қатъий қўллаб-қувватлаб келмоқда. Давлатларимиз умумий манфаатларимизни ҳимоя қилиш мақсадида БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатларимиз имзолаган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ўзаро муносабатларимизни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. 2016 йилда биз ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ўрнатдик, турли соҳалардаги ҳамкорлигимиз тараққиётнинг янги босқичига кўтарилди. Хитой муносабатларимизнинг муваффақиятларидан мамнун ва у истиқболда янада ривожланишига ишончи қатъийдир.

Мен Хитой ва Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият бераман. Хитой Ўзбекистон танлаган ўзига хос тараққиёт йўлини, давлат мустақиллиги, суверенитети ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва ташқи алоқаларни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлайверади. Хитой – Ўзбекистон муносабатларининг 25 йиллиги муносабати билан мамлакатларимиз халқларининг фаровонлиги йўлида ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, Хитой ва Ўзбекистоннинг ҳар томонлама стратегик шериклигини изчил ривожлантириш йўлида Сиз билан ҳамкорликда ишлашга тайёрман.

Хитой ва Ўзбекистон дўстлиги янада мустаҳкамланиб, жадал ривожланаверсин!

Сизга мустаҳкам соғлик ва давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингизда катта муваффақиятлар тилайман!

Си Цзиньпин, Хитой Халқ Республикаси Раиси

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг