Шушада Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг 6-бизнес форуми бўлиб ўтмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун, Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида, Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ)нинг 17 саммити доирасида “Инвестициялар ва савдога кўмаклашиш – ИҲТ минтақасида барқарор ривожланиш омили” мавзусидаги 6-бизнес форуми бўлиб ўтмоқда.
Ушбу нуфузли халқаро тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов бошчилигидаги ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация иштирок этмоқда.
Шунингдек тадбирда Озарбайжон Савдо-саноат палатаси президенти Нияз Ализаде, Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси раиси Тавакал Ахмадяр, Тожикистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Насимжон Анваров, Туркия Савдо-саноат палаталари ва товар биржалари иттифоқи биринчи вице-президенти Али Копуз, Қирғиз Республикаси Савдо-саноат палатаси вице-президенти Мамасадык Бакиров, Покистон Савдо ва саноат палаталари федерацияси вице-президенти Аун Али Сайед ҳамда Қозоғистон Ташқи савдо палатаси аппарати раҳбари Асан Жакишев қатнашдилар.
Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) — ўнта давлатни ўз ичига олган минтақавий ташкилот бўлиб, асосий вазифаси аъзо мамлакатлар ўртасида барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш ҳамда савдо ва инвестициялар соҳасидаги интеграцияни мустаҳкамлашдан иборат.
ИҲТ 1985 йилда Эрон, Покистон ва Туркия томонидан ташкил этилган бўлиб, 1992 йилдан бошлаб Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидан еттита мамлакат, жумладан Ўзбекистон ҳам аъзо сифатида қўшилган.
Ташкилот доирасида савдо, транспорт, энергетика, туризм, қишлоқ хўжалиги, экология, соғлиқни сақлаш ва таълим каби муҳим соҳаларда кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Даврон Вахабов ўз нутқида Ўзбекистоннинг ташқи савдо алоқалари, минтақавий иқтисодий интеграция ва амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот бериб, аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва кооперация имкониятларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди.
2024 йил якунига кўра Ўзбекистоннинг ИҲТ мамлакатлари билан умумий ташқи савдо айланмаси 11 миллиард АҚШ долларидан ошди, шундан 5,56 миллиард доллари экспорт, 5,48 миллиард доллари импортни ташкил этди.
Иштирокчилар ўртасида В2В ва В2G форматларида учрашувлар ташкил этилиб, бу учрашувларда янги бизнес ғоялари ва ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинмоқда.
Тадбир Ўзбекистон тадбиркорлари учун янги бозорларга кириш ва ИҲТга аъзо мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришда муҳим қадам ҳисобланади.