Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Ўзбекистон 10/02/2023 ШҲТ олий аудит органлари раҳбарларининг VI йиғилиши
ШҲТ олий аудит органлари раҳбарларининг VI йиғилиши

Ҳиндистоннинг Лакхнау шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо мамлакатлар олий аудит органлари раҳбарларининг навбатдаги VI йиғилиши бўлиб ўтди. 

Унда ШҲТга аъзо мамлакатлар олий аудит муассасалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам иштирок этди.

Ҳиндистон раислигида ташкил қилинган бу йилги кўп томонлама учрашувнинг мавзуси: «Янги технологияларнинг аудит жараёнига интеграциялашуви». 

Йиғилиш доирасида экспертлар иштирокида «сунъий ақл» ва «киберхавфсизлик» мавзуларига доир муҳокамалар бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабов аудит жараёнига янги технологияларни татбиқ этиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг тажрибасига доир нутқ сўзлади.

Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тўғрисида, хусусан, палата олдига Давлатимиз раҳбари томонидан ахборот технологияларини аудит жараёнларига кенг тадбиқ этиш юзасидан юклатилган вазифалар ҳақида маълумот тақдим қилинди.

Жумладан, республикамизда барча назорат органлари томонидан ўтказиладиган давлат аудити тадбирларини мувофиқлаштирувчи “Давлат аудити” дастури ҳамда турли идораларнинг ахборот базаларидан маълумот олган ҳолда масофавий назоратни амалга оширувчи “Камерал назорат” дастури ҳақида сўз борди. 

Мазкур технологиялар бошқа кўплаб мамлакатлар амалиётида мавжуд эмаслигини ҳисобга олиб, ушбу инновацион ёндашувлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегацияси ва Хитой, Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон олий аудит органлари раҳбарлари ўртасида алоҳида учрашувлар бўлиб ўтди. Унда истиқболдаги ҳамкорлик, икки томонлама ва халқаро ташкилотлар доирасида тажриба алмашиш, ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолаш, ходимларнинг малакасини ошириш каби масалалар бўйича янги келишувлар амалга оширилди. 

Йиғилиш якунлари бўйича томонлар ШҲТга аъзо мамлакатлар олий аудит органларининг 2023-2024 йиллар давомидаги ҳамкорлиги доирасида Ҳаракатлар режасини тасдиқлади.

Маълумот ўрнида: ШҲТга аъзо мамлакатларнинг олий аудит органлари раҳбарларининг мунтазам учрашувлари 2010 йилдан буён ташкил қилинади. Ушбу ҳамкорликнинг асосий мақсади – давлат сектори аудити соҳасида ахборот алмашиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари эса давлат аудити бўйича билим ва тажриба алмашиш, қўшма семинар ва ўқув курсларини ташкил қилиш, давлат аудити соҳасида янги профессионал стандартларни илгари суришдан иборат.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг