Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 24/06/2016 ШҲТ Ишбилармонлар кeнгаши ўз устувор йўналишларини белгилаб олди
ШҲТ Ишбилармонлар кeнгаши ўз устувор йўналишларини белгилаб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкентда 23-июнь куни Ўзбекистон раислигида ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқарувининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда ШҲТ Бош котиби Р.Алимов, ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши Ижрочи котиби С.Канавский, шунингдек, ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши миллий қисмлари раислари – Ўзбекистон Республикасидан А.Шайхов, Қозоғистон Республикасидан Р.Баталов, Қирғизистон Республикасидан М.Шаршекеев, Хитой Халқ Республикасидан Х.Мейтсин, Россия Федерациясидан С.Катирин ва Тожикистон Республикасидан С.Шариф иштирок этди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ишбилармонлар кенгаши 2006-йилнинг 14-июнида таъсис этилган бўлиб, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ишбилармон ва молиявий доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, кўп томонлама лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида ШҲТга аъзо давлатларнинг бизнес ҳамжамиятлари вакилларини бирлаштирган нодавлат тузилмадир.

ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқаруви мажлисида Ўзбекистон ўз раислиги даврида ШҲТга аъзо давлатлар манфаатларига мос келадиган ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш принципларига қатъий риоя қилгани, халқаро майдонда ташкилот нуфузини муттасил ошириш бўйича тизимли ишларни давом эттиргани таъкидланди.

Ўзбекистон савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, ШҲТ мамлакатлари бозорларига харидоргир саноат маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кенгайтириш, савдо муносабатларини рағбатлантириш бўйича қулай шароитлар яратиш ва бу борада бошқа тадбирларни амалга ошириш тарафдоридир. Шунингдек, ШҲТ давлатлари ўртасида инвестициявий ҳамкорлик тубдан ривожлантирилишига, муҳим тармоқларда ўзаро манфаатли лойиҳа ва дастурлар амалга оширилишига ишонади.

Иштирокчилар сўнгги йилларда Ўзбекистонда чет эл инвестицияларини жалб қилиш, корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бошқаришнинг илғор тизимлари кенг жорий этилаётгани, шунингдек, маҳаллий корхоналар рақобатбардошлигини ошириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда жаҳон бўйлаб етказиб бериш жараёнига маҳаллий компанияларни жалб этишга қаратилган чоралар кўрилаётганини алоҳида таъкидлади.

Мажлисда ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши фаолиятини ривожлантириш истиқболлари, хусусан, минтақа давлатларининг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали яқин истиқболда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама этилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, транспорт ва логистика, инноватсиялар, ахборот-коммуникация технологиялари, кўргазма-ярмаркалар фаолияти, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа турли соҳалардаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг янада ривожланишига кўмаклашиш учун қўшма тадбирлар ташкил этиш, бизнес вакилларининг ШҲТ давлатларида ўтказиладиган йирик халқаро форумлар, кўргазма ва ярмаркаларда мунтазам иштирок этишини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг