Биринчи Президентимиз раҳнамолигида пойтахтимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Замонавий шаҳарсозлик намуналари асосида барпо этилган кўплаб иншоотлар шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда. Янги турар жойлар, ижтимоий объектлар, йўл ва кўприклар, шаҳар аҳли ва меҳмонларига кенг қулайлик яратаётир.
Бундай эзгу ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан изчиллик билан, тизимли равишда, замон талабига риоя қилган ҳолда давом эттирилмоқда. Пойтахтимизда аҳоли учун янада кенг қулайликлар яратиш, транспорт ҳаракатини тартибга солиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Миробод туманидаги қурилиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилаётган кўприк шулардан бири. Унинг эни 30, узунлиги 346 метр бўлган қисми реконструкция қилинади. Эни 22, узунлиги 281 метр бўлган қисми янгидан қурилади. Кўприкнинг икки томонида пиёдалар йўлакчаси қурилиб, тунги ёритгичлар ўрнатилади. Бу ишлар ҳайдовчи ва йўловчиларга катта қулайлик яратиш баробарида кўприкнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш даражасини оширади.
Президентимиз замонавий кўприклар қуриш, йўлларни замон талабларига мослаштириш аҳолига қулайлик яратиш, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Кўприк остидан ўтувчи темир йўл атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. ЎзА.