Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари кўплаб йўналишларда, хусусан, савдо-иқтисодий соҳада изчил ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг 2016 йил 6 сентябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган учрашуви чоғида эришилган келишувлар фаол ва самарали амалга оширилаётгани қайд этилди.
Бугунги кунда Россия Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий шерикларидандир. 2016 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 4,2 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил этган. Товар айирбошлаш ҳажмини янада кўпайтириш мақсадида Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини "яшил йўлак" орқали россиялик истеъмолчиларга етказишни ташкил этишга доир келишувлар имзоланган. Жорий йилда Россия бозорига 1 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавотлар, шунингдек, уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган кенг турдаги маҳсулотлар етказиб бериш мўлжалланган.
Ҳамкорликнинг барча йўналишлари, шу жумладан, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашди.
Инвестициявий ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида ташкил этилган 960 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, Россиянинг 64 етакчи компанияси ваколатхоналари аккредитациядан ўтган.
Нефть-газ соҳаси билан бир қаторда машинасозлик, металлургия, тўқимачилик саноати, фармацевтика, замонавий тиббий ускуналар ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш соҳаларида ҳам янги инвестициявий лойиҳалар тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда. Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида янги дастур ва битимлар ишлаб чиқилмоқда.
Учрашувда иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини янада диверсификация қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар икки мамлакат компаниялари ўртасида узоқ муддатли амалий алоқаларни ўрнатиш, шунингдек, янги қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия муҳим ўрин тутаётганини қайд этдилар.
Д.Козак самимий қабул учун Президентимизга миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси Ўзбекистон Республикаси билан кенг кўламли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.