Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 07/10/2016 Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко Самарқандда музокаралар ўтказди
Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко Самарқандда музокаралар ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Самарқанддаги Форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг учрашуви бўлиб ўтди.

Беларусь Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги асосий иқтисодий шерик сифатида қарайди. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасида 2008-2017-йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ва унинг ижросига қаратилган дастур изчил амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюргани учун Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенкога миннатдорлик билдирди. Халқларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатлари бундан кейин ҳам изчил давом этишини, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш зарурлигини таъкидлади.

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов бутун фаолиятини ўз халқи, Ватани равнақига бағишлагани, бугун Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланган, тинч ва барқарор давлатга айланганини қайд этди. Ислом Каримов вафотидан кейинги синовли кунларда Ўзбекистон халқи донолигини, юксак маданиятини ва ҳамжиҳатлигини яна бир бор намоён этганини, шундай буюк заминга ташриф буюрганидан мамнунлигини таъкидлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг яқинда бўлиб ўтган 71-сессиясида мажлис иштирокчилари Ислом Каримов хотирасини ёдга олиб, ҳурмат бажо келтиргани ҳам Президентимизнинг халқаро обрў-эътиборини яққол тасдиқлайди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шу билан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг мамлакатимизга ташрифи ниҳоясига етди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг