Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 21/11/2016 Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти сайловчилари билан учрашди
Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти сайловчилари билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 19-ноябрь куни Сирдарё вилояти сайловчилари билан учрашди.

Учрашувни номзоднинг ишончли вакили К.Оқбўтаев очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

Дастурда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов белгилаб берган давлат сиёсати ва тараққиёт тамойилларини амалга ошириш, мамлакатимиз иқтисодиёти ва халқимиз ҳаёт даражасини янги босқичга кўтаришга қаратилган мақсад ва вазифалар ўз ифодасини топган. Давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш ва жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, маҳаллий бюджетлар даромадини кўпайтириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолини замонавий уй-жойлар билан таъминлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, тиббий ва маиший хизматлар сифатини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

“Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концепциясини амалга оширишни давом эттириш, жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини ривожлантириш, маҳалла тузилмасининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини, одил судловнинг мустаҳкам кафолатини таъминлаш, коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларда қонунга ҳурмат, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасизлик туйғусини кучайтириш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Учрашувда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Сирдарё вилояти ҳам изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Биринчи Президентимизнинг 2015-йил 9-мартдаги фармойишига мувофиқ ишлаб чиқилган 2015-2019-йилларда Гулистон шаҳрида дренаж тизимини янада такомиллаштириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер ости сув сатҳини камайтириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастури улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига асос бўлмоқда. Шаҳар ва қишлоқларда янги иншоотлар барпо этилиб, аҳолининг ҳаёт даражаси юксалмоқда.

Мамлакатимиз иқтисодиётида алоҳида ўрин тутадиган Сирдарё иссиқлик электр станцияси, “Жиззах” эркин иқтисодий зонасининг Сирдарё филиали, “Река мед фарм” қўшма корхонаси, "Бек" бирлашмасида ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда. Шу йилнинг 1-октябрида иш бошлаган “Гулистон медтехника” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар тайёрланмоқда.

Учрашув видеоконференция шаклида ўтказилди. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари марказларидан сайловчилар номзоднинг дастури юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Республика Маънавият тарғибот маркази Гулистон тумани бўлими раҳбари Ё.Мадаминов, меҳнат фахрийси Р.Абдураҳмонов, "Темур мед фарм" МЧЖ бош директори ўринбосари Ш.Зиёев, шахмат бўйича халқаро гроссмейстер С.Қурбонбоева, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси М.Абдурасулова, Мирзаобод ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Н.Мелибоева, Республика Маънавият тарғибот маркази Сирдарё тумани бўлими раҳбари А.Мирзааҳмедов ва бошқалар мамлакатимиздаги тараққиёт суръатлари изчил давом этаётгани, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ошиб бораётганини қайд этди. Сайловчиларни халқимизнинг юксак маданияти ва ҳуқуқий онгини намоён этган ҳолда 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол қатнашишга чақирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг