Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Республика Бош вазири Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 25-сентябрида Тошкент шаҳрининг Сергели туманида олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, аҳоли мавзелари, кўп қаватли турар жойлар ва ижтимоий соҳа обектларини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш ишларининг бориши билан яқиндан танишди. Айниқса, нураб қолган эски уйлар ўрнида янги биноларни қуриш, кўп қаватли уйлардаги яшаш шароитларини янада яхшилаш, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олиб, коммунал хизматлар сифатини ошириш, бу борада иқтисодий тежамкор усулларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Аҳоли вакиллари ва шаҳар раҳбарлари, мутасаддилар иштирокида ўтказилган учрашувда Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри учун устувор аҳамиятга эга бўлган йирик дастур – Сергели туманида 2017-2022-йилларда 500 та кўп қаватли уйнинг бунёд этилиши билан боғлиқ лойиҳа ишлаб чиқилганига алоҳида тўхталди. Бу турар жойларнинг бугунги кун талабларига тўла жавоб берадиган пухта лойиҳалар асосида қурилиши, уларни энг замонавий инфратузилмалар билан таъминлаш бўйича мутасадди раҳбарлар ва мутахассислар билан атрофлича фикр алмашди.
Таъкидлаш жоиз, бу улкан лойиҳанинг амалга оширилиши қарийб 30 минг оиланинг янги уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш имконини яратади. Шуниси эътиборлики, уйлар оилаларга имтиёзли ипотека кредити орқали берилади.
Учрашувда яна бир муҳим масала – азим пойтахтимизнинг барча туманларида янги маданият ва истироҳат боғлари барпо этиш, яшил майдон ва ҳудудларни янада кўпайтириш масаласи муҳокама этилди. Пойтахтда янги транспорт-коммуникация тармоқлари, маданий-маиший обектлар бунёд этиш, ер усти тезюрар метро йўналишлари қурилишини лойиҳалаштириш ишларини жадаллаштириш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шавкат Мирзиёев яқин келгусида амалга оширилиши мўлжалланган бу лойиҳалар нафақат Сергели туманини, балки бутун Тошкент шаҳрининг имконият ва салоҳиятини янада юксалтириш йўлида катта истиқболлар очиб беришини қайд этди, деб хабар беради ЎзА.
Ушбу бунёдкорлик ишлари замирида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган тадбиркорлик субектлари фаолиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маҳаллий ресурслардан кенг фойдаланиш, соҳада минглаб янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилгани, айниқса, аҳамиятлидир.
Учрашувда пойтахт аҳолиси учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, улкан ҳажмдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш, бир сўз билан айтганда, одамларни ҳаётдан рози қилиш масаласи доимий эътибор марказида бўлиши таъкидланди.
Бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш энг долзарб вазифадир. Учрашувда Тошкент шаҳрида тартиб-интизомни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, паспорт-виза режимига қатъий амал қилиш бўйича мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди ва муҳокама этилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.