Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Ўзбекистон 16/01/2017 Шавкат Мирзиёев: Қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан қайта таъминлаш – бугунги ва истиқболдаги энг муҳим вазифамиздир
Шавкат Мирзиёев: Қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан қайта таъминлаш – бугунги ва истиқболдаги энг муҳим вазифамиздир
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригини йўллади ва жумладан шундай деди:

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари!

Қадрли юртдошлар!

Шу кунларда бутун халқимиз мамлакатимиз ҳаётидаги буюк тарихий санани байрам қилмоқда. Яъни, Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда.

Ана шу қутлуғ айём билан ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни чин қалбимдан самимий табриклайман.

Бугун, мана шу шонли байрам кунида буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасига барчамиз яна бир бор ҳурмат бажо келтирамиз. Ўтган 25 йил давомида Қуролли Кучларимизни барпо этиш йўлида қўлга киритган беқиёс ютуқларимиз азиз Юртбошимизнинг номи билан чамбарчас боғлиқ эканини чуқур миннатдорчилик билан эсга оламиз.

Ўзбекистон мустақилликка эришган биринчи кунларда айнан Ислом Абдуғаниевич намоён этган принципиал позиция, сиёсий ирода ва азму шижоат туфайли миллий армиямизга асос солинди. 1992 йил 14 январда юртимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилди. Мана, 25 йилдирки, ана шу тарихий кун Қуролли Кучларимиз пойдевори қўйилган, истиқлолимиз солномасига олтин ҳарфлар билан ёзилган буюк сана сифатида байрам қилинмоқда.

Биринчи Президентимиз ўша оғир йилларда “Ўзининг буюк тарихи ва аждодларига муносиб ворис бўлган халқимиз мамлакат хавфсизлигини таъминлашга қодир армияни ярата олади”, деб катта ишонч билан айтган эдилар.

Бугунги кунда ана шу улкан ишончга ҳар томонлама лойиқ бўлган Қуролли Кучларимиз ташкил этилганини барчамиз кўриб турибмиз.

Ҳақиқатан ҳам, тарихан қисқа муддатда мамлакатимиз мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, чегараларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армия барпо этилди, деб ғурур ва ифтихор билан айтишга бугун барча асосларимиз бор.

Собиқ Иттифоқ ҳудудида турли қуролли тўқнашув ва қарама-қаршиликлар юз бераётган ғоят мураккаб шароитда Ўзбекистон Қуролли Кучларига асос солингани, ҳеч муболағасиз айтиш мумкин, ёш давлатимизни қуриш жараёнида ҳал этилган буюк вазифалардан бири бўлди. Айнан миллий армиямиз мамлакатимизда эркин, озод ва фаровон ҳаёт бунёд этиш, демократик ислоҳотларни самарали амалга ошириш йўлида ишончли кафолат, тоғдек таянч бўлиб келмоқда.

Албатта, мустақилликнинг илк йилларида барча соҳалар каби ҳарбий йўналишда ҳам кўплаб оғир муаммолар тўпланиб қолган эди. Аввало, қўшинларнинг моддий-техник таъминот тизими талаб даражасида эмас эди. Ҳарбий тузилмалар ўзининг қурилиши ва жанговар таркиби бўйича янги пайдо бўлган таҳдидлар олдида заиф эди. Энг мушкул муаммо – малакали ҳарбий кадрлар етишмасди. Шунинг учун миллий армиямизни барпо этиш ва ислоҳ қилиш бўйича ҳар томонлама чуқур ўйланган ва узоқ муддатга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқилди.

Ўтган чорак аср давомида ана шу стратегия асосида, Миллий хавфсизлик концепцияси ва Мудофаа доктринаси доирасида кўп ишлар қилинди. Юз бериши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлар театри ва унинг реал хусусиятлари, илғор хорижий тажрибалар ҳар томонлама ҳисобга олинди. Шу асосда ихчам, яхши таъминланган, юксак жанговар руҳга эга бўлган миллий армиямиз барпо этилди.

Қисқа муддатда ҳарбий округлар, чегара минтақалари, шунингдек, жанговар қобилиятга эга қўшин гуруҳлари, биринчи навбатда, мураккаб жанговар операцияларни амалга оширишга қодир бўлган Ички вазифалар корпуси ва Махсус операциялар бўйича кучлар ташкил этилди.

Бугунги кунда ҳарбий бошқарувнинг самарали тизими шакллантирилди. Қуролли Кучлар таркибида турли қўшинларнинг ўзаро мувофиқ ҳолда ва ҳамкорликда ҳаракат қилишини таъминлайдиган механизмлар фаолият кўрсатмоқда.

Ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизими принципиал жиҳатдан мутлақо янги асосга ўтказилди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида маҳаллий офицер кадрлар юртимиздаги ҳарбий хизматчилар умумий сонининг – шунга эътибор беринг – атиги 0,6 фоизини ташкил этарди. Офицерларни тайёрлаш эса учта ҳарбий билим юртида ва бор-йўғи учта ҳарбий мутахассислик бўйича олиб борилар эди. Амалга оширилган ишлар натижасида қўшимча равишда янги, замонавий учта ҳарбий таълим муассасаси ташкил этилди, курсантларни ўқитиш тизими эса кўп тармоқли асосда йўлга қўйилди.

Юқори бўғин қўмондонлик офицерларини тайёрлаш ҳамда мудофаа қурилиши соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга ошириш бўйича энг зарур вазифалар самарали ҳал этилмоқда. Бу борада айниқса 1995 йилда ташкил этилган Қуролли Кучлар академияси ғоят муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.

Шунингдек, армиянинг асосий таянчи бўлган сержантлар корпусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сержантларни ўқитиш 2001 йилда илғор халқаро стандартлар асосида ташкил этилган сержантлар тайёрлаш мактабларида 26 та йўналиш ва мутахассислик бўйича олиб борилмоқда.

Қадрли дўстлар!

Мустақилликка эришганимиздан сўнг фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш тизимини ислоҳ қилиш бўйича ҳам улкан ишлар амалга оширилди. Бунинг натижасида жамиятимизнинг армияга бўлган муносабати тубдан ўзгарди.

Миллий армиямиз ташкил этилган дастлабки йилларда ҳарбий қисмларни ёш аскарлар билан тўлдиришда жиддий муаммолар мавжуд эди. Собиқ шўро тузумида армияда хизмат қилган катта авлод вакиллари яхши билади, ўша пайтда ҳарбий хизматни ўташ, айниқса, Ўзбекистон ёшлари учун оғир ташвиш ва машаққат эди. Чунки, юртимиз ёшлари асосан қурилиш батальонларига қора ишчи сифатида юбориларди.

Ҳарбий қисмлардаги носоғлом маънавий-руҳий муҳит, устав қоидаларига зид бўлган муносабатлар туфайли қанча-қанча навқирон йигитлар, ота-оналар жабр чеккани – булар ҳаммаси ҳақиқат.

Янги миллий армияни яратишда бундай салбий иллатларга мутлақо чек қўйиш керак эди. Шу мақсадда бир неча йиллар давомида изчил иш олиб борилди. Жумладан, муддатли ҳарбий хизмат бир йил этиб белгиланди, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий-маиший шароитлари, озиқ-овқат таъминоти тубдан яхшиланди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, резервга бўшатилган ёшларнинг ишга жойлашиши ва олий ўқув юртларига ўқишга кириши билан боғлиқ имтиёзлар тизими белгиланди. Буларнинг барчаси ҳарбий жамоаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳит шаклланиб, ёшлар ўртасида ҳарбий хизматнинг нуфузи кескин ошишида муҳим омил бўлди.

Ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида фуқароларнинг сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташини назарда тутадиган ўзига хос ноёб тизим яратилди. Бу тизимда ёшлар нафақат зарур ҳарбий тайёргарликдан ўтади, балки жисмоний ва маънавий жиҳатдан чиниқади. Улар ўзларининг фуқаролик масъулияти, Ватан ҳимоячиси сифатидаги муқаддас йигитлик бурчини чуқур англаб, ўз юртига фидойи инсон бўлиб етишади.

Бугунги кунда миллий армиямиз минг-минглаб ўғлонларимиз учун чинакам мардлик, фидойилик, ҳақиқий ватанпарварлик мактабига айлангани, ҳеч шубҳасиз, шу йўлда эришган энг катта ютуғимиздир. Бу ҳақиқатни юртимиздаги барча ота-оналар, бутун халқимиз ғурур билан, миннатдорчилик билан эътироф этмоқда.

Ҳозирги кунда оналар ўз фарзандларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, деб, юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда.

Оналар кўнглидаги розилик – бу бутун халқимиз қалбидаги розилик ифодаси, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Ҳурматли юртдошлар!

Миллий армиямиз ривожланиб бориши билан уни қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш бўйича ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қўшинлар замонавий ва модернизация қилинган ўқ отар ва оғир қуроллар, вертолётлар, самолётлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, автомобиль ва бронетехникалар, алоқа воситалари билан таъминланмоқда.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳарбий шаҳарчаларда замон талабларига жавоб берадиган ижтимоий-маиший шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда комплекс дастурлар амалга оширилмоқда. Ана шу дастурлар доирасида 15 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар оиласи уй-жой билан таъминлангани, айниқса, эътиборлидир.

Ҳеч шубҳасиз, биз бу йўналишдаги тизимли ишларни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз.

Мустақиллик йилларида Қуролли Кучлар устидан фуқаролик назоратини амалга ошириш бўйича самарали механизм ишлаб чиқилди. Бу механизм миллий армия фаолиятида очиқликни таъминлашда катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Шунингдек, ҳарбий қурилиш соҳасидаги сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ҳарбий хизматчилар ва чақирув ёшидаги фарзандларимизни тарбиялашга фуқаролик институтлари ва жамоат ташкилотларини кенг жалб этишда муҳим роль ўйнамоқда. Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича Олий Мажлис палаталари қўмиталари, Мудофаа вазирлиги ҳузурида 2012 йилда ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши бугунги кунда Қуролли Кучлар билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқда.

Буларнинг барчаси миллий армиямизни халқимизга, халқимизни миллий армиямизга янада яқинлаштиришдек ғоят муҳим мақсадга хизмат қилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, Қуролли Кучларимизни барпо этиш, унинг жанговар қудратини ошириш йўлида фидокорона меҳнат қилган ҳарбийларимизга, шу эзгу ишга ҳисса қўшган барча юртдошларимизга чуқур миннатдорчилик билдираман.

Муҳтарам дўстлар!

Ҳозирги вақтда жаҳонда ва минтақамизда ҳарбий-сиёсий вазият кескин ўзгариб, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда. Ана шундай ўта масъулиятли вазият ва ҳаётнинг ўзи эришган барча ютуқларимизни, шу билан бирга, йўл қўйган камчиликларимизни чуқур ва танқидий таҳлил қилишни барчамиздан талаб этмоқда. Шу асосда миллий армиямизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида пухта ўйланган ва изчил ҳаракатларни давом эттиришимиз даркор.

Биринчидан, миллий хавфсизлик каби ўта муҳим соҳани қонун талаблари асосида бошқариш самарасини ошириш бизнинг устувор вазифаларимиз қаторига киради. Афсуски, бу соҳадаги кўплаб ҳужжатларимиз ҳозирги давр талабларига жавоб бермаяпти.

Биз миллий хавфсизликни таъминлашда стратегик режалаштириш бўйича аниқ давлат тизимини барпо этишга объектив зарурат сифатида эҳтиёж сезмоқдамиз.

Ушбу тизимда доимо янгиланиб борадиган Миллий хавфсизлик концепцияси марказий ўринни эгаллаши шарт. Мазкур концепцияда Ўзбекистон ташқи сиёсатига хос мослашувчанлик ва очиқлик тамойиллари, бизнинг яқин қўшниларимиз билан конструктив муносабатларни ривожлантириш устувор вазифа экани акс эттирилиши даркор. Айни вақтда Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитети, халқимизни маданий-тарихий ўзига хослигини асраш бўйича қатъий кўрсатмалар белгилаб берилиши керак.

Шу муносабат билан муҳим бир ёндашувни яна бир бор таъкидлашни ўринли, деб биламан: ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий база ва объектларини жойлаштиришга йўл қўймаслик, ҳарбий хизматчиларимизнинг хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмаслик сиёсатига содиқ қолиш бундан буён ҳам мамлакатимизнинг принципиал позицияси бўлиб қолади.

Жаҳонда ва минтақада вазиятнинг ривожланиш динамикасини ҳисобга оладиган бўлсак, вужудга келадиган хавф-хатар ва таҳдидларга муносиб зарба бериш зарурати, шунингдек, бизнинг устувор вазифа ва имкониятларимиз Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринасини қайта ишлаб чиқишни талаб этади.

Фақат ана шундай тизимли ёндашув биз учун миллий хавфсизликни таъминлаш соҳасида ягона, мувофиқлаштирилган ва изчил стратегияни ишлаб чиқиш, мавжуд ресурс ва маблағларни устувор мақсадларга йўналтириш, уларни беҳуда сарфламаслик, иккинчи даражали вазифаларга чалғиб кетмаслик имконини беради.

Иккинчидан, Қуролли Кучлар қурилишининг ташкилий тизимини янада такомиллаштириш лозим. Ҳарбий қурилиш соҳасида тўпланган тажрибани ҳисобга олган ҳолда, ҳар қайси ҳарбий округнинг таркибий тузилиши ва вазифаларини аниқлаш даркор. Бу борада улардан айнан қайси вазифаларни ҳал этиш учун фойдаланиш кераклиги, қўшинларнинг қўлланиш ва шунингдек, операцияларни ўтказиш йўналишлари бўйича ўзига хос хусусиятларига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Шу билан бирга, бизнинг “ҳаво қалқонимиз” – Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўшинларини оптималлаштириш вазифаси ҳам катта эътибор ва ресурсларни сафарбар этишни талаб қилади.

Қисқа муддатда уларнинг ташкилий тузилиши ва бошқарув тизимини такомиллаштириш, шунингдек, уларни замонавий техника ва қурол-яроғ билан таъминлаш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш лозим.

Учинчидан, қўшинларни тайёрлаш борасидаги тадбирларни режалаштиришга оид янгича ёндашувни ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эгадир. Бу тадбирлар авваламбор ҳарбий бўлинмаларга юкланган вазифаларга, уларнинг тайёргарлик ва таъминланиш даражасига мос бўлиши зарур.

Биз учун бу борадаги якуний мезон – амалий натижа, яъни, бутун эътиборни Қуролли Кучларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлигини реал оширишга, уларнинг юқори даражадаги уюшқоқлиги ва самарали ҳамкорлигига қаратишдан иборат.

Тўртинчидан, барча бўғиндаги профессионал ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бизнинг эътиборимиз марказида бўлиб қолиши зарур.

Шу нуқтаи назардан қараганда, мутлақо янги Қуролли Кучлар академиясини ташкил этиш бу йўналишдаги биринчи қадам бўлиши даркор. Ушбу ўқув маскани Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг шонли ҳарбий анъаналарини ва ҳозирги мавжуд академия ҳамда мамлакатимиздаги етакчи илмий-таълим муассасаларида тўпланган фаолият тажрибасини ўзига қамраб олиши керак.

Ишончим комил, бу академия ҳарбий таълимнинг ягона тизимида ҳақиқатан ҳам асосий ўринни эгаллайди, том маънода ҳарбий илм-фан марказига айланади. Академияда лейтенантлар тайёрлаш, фаолият кўрсатаётган офицерлар малакасини ошириш ва шунингдек, армиямиз бошқарув таркибидаги қўмондонлик кадрларини махсус тайёргарликдан ўтказиш давом эттирилади.

Бу вазифани амалга оширишда биз таълим жараёнига энг янги усул ва технологияларни жорий этишимиз, ўқув аудиторияларини замонавий тренажёрлар, ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозлашимиз лозим.

Академия тингловчиларининг умумий маданиятини ошириш, уларнинг дам олиши ва спорт билан шуғулланиши учун барча қулай шароитларни яратишимиз даркор.

Бу жараёнда ҳарбий билим юртида ҳақиқатан ҳам таълим олишга муносиб, юксак ақл-заковат ва етакчилик қобилиятига эга бўлган ёшларни аниқлаш учун уларни ўқишга танлаб олишда талабни ошириш лозим. Шу мақсадда мамлакатимизнинг ҳар бир минтақасида икки-учтадан коллеж ва лицейни белгилаб қўйиш керак. Ана шу коллеж ва лицейлар ўзларининг асосий вазифалари билан бирга, олий ҳарбий ўқув юртларига кирадиган ёшларни чуқур тайёрлаш билан ҳам шуғулланади.

Бундан ташқари, барча олий ҳарбий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари таркибини тайёрлаш, жумладан, уларнинг хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида малака ошириш имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Бешинчидан, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан қайта таъминлаш – бугунги ва истиқболдаги энг муҳим вазифамиздир.

Афсуски, бу масала биз кутган даражада жадал суръатлар билан амалга оширилмаяпти.

Шу муносабат билан биринчи галдаги вазифа сифатида 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс дастур ишлаб чиқишимиз керак. Унда ҳарбий аҳамиятга эга маҳсулотлар сотиб олиш, мавжуд техника воситаларини таъмирлаш ва модернизация қилиш, бу борадаги ишларни мақсадли молиялаштириш бўйича аниқ тадбирлар кўзда тутилиши даркор.

Мамлакатимизда ҳарбий саноат мажмуасини барпо этиш вақти келди, деб ҳисоблайман. Шу нуқтаи назардан, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов бошчилигида мудофаа саноати соҳасида ягона сиёсатни амалга ошириш учун масъул бўлган тегишли давлат органини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш керак. Унинг таркибига Мудофаа вазирлигининг таъмирлаш бўйича барча корхоналарини, шунингдек, Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи ҳамда ўқ-дори тайёрлайдиган “Восток” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасини ўтказиш зарур.

Келгусида ана шу корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш билан бирга, илмий-ишлаб чиқариш базасини яратиш, сервис марказлари ва қўшма корхоналар ташкил этишга, шунингдек, мамлакатимизнинг етакчи корхоналарида ҳарбий аҳамиятга эга бўлган айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш керак.

Олтинчидан, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш диққатимиз марказида бўлиши даркор. Бу соҳада қабул қилинган давлат дастурини амалга ошириш бўйича янги механизмларни ишлаб чиқиш объектив заруратга айланганини бугун яққол ҳис этмоқдамиз.

Шу мақсадда хизматни ўташ тартиби, фронт орти таъминоти, ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, уларга тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштиришга қаратилган, кўпдан буён ҳаёт талабига айланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишни тезлаштириш муҳим аҳамиятга эга. “Ҳарбий хизматни, ички ишлар ва божхона идораларида хизматни ўтаган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзоларини пенсия билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қабул қилиш зарур, деб ҳисоблайман.

Маълумки, мамлакатимизда жорий этилган, якка тартибда уй-жойлар қуриш учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари ажратиш бўйича янги тизим бугунги кунда ижобий натижа бермоқда.

Ана шу тизимни ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш бўйича ҳам кенг жорий этиш зарур.

Шу йилнинг ўзида мамлакатимизнинг барча минтақаларида ҳарбий хизматчиларнинг оилалари учун уларга имтиёзли ипотека кредитлари бериш йўли билан уч қаватли 56 та уй-жой биносини барпо этамиз.

Еттинчидан, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича узлуксиз олиб бориладиган ишлар биз учун долзарб аҳамиятга эгадир.

Барчамизга яхши маълумки, ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланади ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам фуқароларимизда бизга мутлақо ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш ва Ватанимиз тақдири учун масъулият туйғусини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни кўришимиз шарт.

Ана шу мураккаб ишда армия сафларида мардлик ва матонат, Ватанга садоқат билан хизмат қилиш мактабини ўтаган навқирон ўғлонларимиз ишончли таянч ва суянч бўлиб хизмат қилади.

Шу муносабат билан мудофаа ишлари бўйича бошқарма ва бўлимлар бундай ёшлар билан доимо алоқада бўлиши керак. Мазкур бошқарма ва бўлимларнинг бу йўналишдаги ва маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорлик қилиш соҳасидаги ваколатларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эгадир.

Шу борада Бош вазир А.Н.Арипов бошчилигида муддатли ҳарбий хизматни ва сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича республика комиссиясини, жойларда эса бевосита ҳокимлар раҳбарлигида вилоят, шаҳар ва туман комиссияларини ташкил этиш яна бир амалий қадам бўлур эди.

Сизларга яхши маълумки, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича кўпгина ютуқларга эришмоқда. Шуни эътиборга олган ҳолда, вилоят ҳокимликлари таркибида ушбу кенгашнинг минтақавий бўлинмаларини тузиш орқали унинг имкониятларини кенгайтириш зарур. Бу бўлинмаларнинг ишини ҳарбий округлар қўмондонлиги билан яқин ҳамкорликда ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Қадрли дўстлар!

Ҳозиргина баён қилинган барча вазифаларни қатъий ва изчил амалга ошириш биздан миллий армиямизни янада ислоҳ этиш, унинг салоҳияти ва жанговар қобилиятини ошириш бўйича тизимли ишларни давом эттириш ва чуқурлаштириш борасида бутун куч ва имкониятларимизни сафарбар этишни талаб қилади. Айнан шунинг учун мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг бошқа соҳалари каби ушбу йўналишдаги долзарб вазифалар ҳам ҳозирги кунда ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш Ҳаракат стратегиясида аниқ белгилаб берилмоқда.

Ана шу ўта муҳим ҳужжатга биноан мудофаа соҳасидаги қонунчилик базаси, қўшин гуруҳларининг жанговар таркиби, ташкилий тузилмаси, ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг сафини тўлдириш самарадорлигини ошириш чоралари кўрилади. Шунингдек, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва техника билан қуроллантириш ҳамда уларни ҳар томонлама таъминлаш масалаларини яхшилашга йўналтирилган аниқ чора-тадбирлар қабул қилинади ва амалга оширилади.

Азиз ва муҳтарам юртдошлар!

Мана шу қутлуғ айёмда ҳарбий соҳада ўзининг масъулиятли ва шарафли бурчини муносиб адо этаётган мард ўғлонларимиз – аскар ва офицерлар, барча Ватан посбонлари, уларнинг ота-оналарига ўз номимдан, халқимиз номидан самимий миннатдорчилик билдираман.

Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни бугунги улуғ байрам – Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 25 йиллик санаси билан яна бир бор чин қалбимдан муборакбод этаман.

Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилаларингизга бахту саодат, Ватанни ҳимоя қилишдек олижаноб фаолиятингизда куч-ғайрат ва ютуқлар тилайман.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг