Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Ўзбекистон 08/09/2016 Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти в.в.б. этиб тайинланди
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти в.в.б. этиб тайинланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб тайинланди.

Маълумки, 2016-йил 7-сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг қўшма мажлисини 2016-йил 8-сентябрь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қўшма қарор қабул қилди.

2016-йил 8-сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлиси кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифасини вақтинча бажариш тўғрисидаги масала киритилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилади.

Қўшма мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Т.Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёевнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибасини, аҳоли ўртасидаги ҳурмат-эътиборини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Т.Йўлдошевнинг мазкур таклифи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан маъқулланганлиги маълумот учун қабул қилинди.

Сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, депутатлар ва сенаторлар ҳозирги шароитда барқарорликни сақлаш, жамоат хавфсизлигини ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини самарали ҳал этиш зарурлигини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Т.Йўлдошевнинг таклифини қўллаб-қувватладилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қўшма қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилишини ташкил этиш тавсия қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов 2016-йилнинг 2-сентябрь куни 78 ёшида инсультдан вафот этди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг