Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 19/10/2016 Шавкат Мирзиёев ИТБ президенти билан учрашди
Шавкат Мирзиёев ИТБ президенти билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2016-йил 18-октябрь куни Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Бандар Ҳажар билан учрашди. Бу ҳақда ЎзР ТИВ Матбуот хизмати хабар беради.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Бандар Ҳажар билан ҳам учрашув ўтказди.

Шавкат Мирзиёев меҳмонни мусулмон дунёсининг энг нуфузли молия муассасаларидан бирига раҳбар этиб тайинлангани муносабати билан табриклаб, ИТБ бундан буён ҳам бутун ислом умматининг бирдамлиги ва барча аъзо мамлакатлар ривожига муносиб ҳисса қўшаверишига ишонч билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон билан ИТБ ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, айниқса, томонлар ижтимоий ва иқтисодий йўналтирилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида кенг кўламли ҳамкорлик қилаётгани таъкидланди. Ислом тараққиёт банки томонидан шу кунгача Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим, ирригация ва мелиорация, энергетика, сув таъминоти, коммунал хўжалик, йўл инфратузилмаларини ривожлантириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш каби соҳаларга оид 26 лойиҳа ижроси учун 1,4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратилгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Шу билан бирга, алоқаларни янада тараққий эттириш, янги босқичга кўтариш учун улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Фойдаланилмаётган имкониятларни ўрганиш ва ишга солиш, янги лойиҳалар тузиш, шериклик кўламини кенгайтириш мақсадида турли даражадаги делегациялар алмашуви бўйича аниқ ҳаракат дастурини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ИТБ билан стратегик ҳамкорликни ривожлантириш тарафдоридир. Шу муносабат билан мамлакатимиз 2017-2019-йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик стратегиясини биргаликда ишлаб чиқиш ва жорий йилнинг ўзида қабул қилишга тайёр. Айни пайтда ушбу стратегияга киритиш учун умумий қиймати 1,4 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 21 лойиҳа бўйича таклифлар тайёрлаб қўйилган.

Меҳмон Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентда «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунйодкорлик сари йўл» шиори остида ўтаётган анжуманига таклиф қилгани ҳамда ўз нутқида ИТБ фаолиятига юксак баҳо бергани учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик изҳор этиб, Ўзбекистоннинг ўзаро муносабатларни ривожлантириш борасидаги барча таклифларини қўллаб-қувватлашини, эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишга тайёрлигини билдирди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон раҳбариятининг ташаббусини рўёбга чиқариш – Самарқанддаги Имом Бухорий йодгорлик мажмуи ҳузурида нафақат ислом маданияти, балки умуминсоний цивилизация равнақига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишда ИТБнинг иштироки истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Бу ташаббус негизидаги “жаҳолатга қарши маърифат” тамойили ислом динини унга путур етказадиган сохта ғоялар орқали эмас, балки Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Баҳоуддин Нақшбанд, Бурҳонуддин Марғиноний, Имом Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби даҳолар меросидан ўрганишга, мана шу умумеътироф этилган диний-маданий ва илмий бойликни бутун дунйода кенг тарғиб этишга қаратилгани билан эътиборлидир.

Бандар Ҳажар мазкур ташаббусни юксак баҳолар экан, бундай эзгу ғоялар мусулмон оламининг ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлашга ва умумий мақсадларини амалга оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси билан Ислом тараққиёт банки ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга доир бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг