Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 18/01/2024 Шавкат Мирзиёев инвестиция, саноат ва экспорт тизимидаги муаммоларни санаб ўтди
Шавкат Мирзиёев инвестиция, саноат ва экспорт тизимидаги муаммоларни санаб ўтди

Бугун 18 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида экспорт, инвестиция ва маҳаллий саноатда 2024 йилда турган вазифалар бўйича йиғилиш бошланди.

Давлатимиз раҳбари ялпи ички маҳсулотни ошириш бўйича катта марра олинганини, лекин бунга фақат ички инвестиция ва ички бозор билан эришиб бўлмаслигини қайд этди:

«Ягона тўғри йўлимиз – хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш ва экспортни кўпайтириш».

Президент бевосита инвестиция, саноат ва экспортга масъул 11 та вазирлик ва идора, 10 та уюшма, хориждаги дипломатик ваколатхоналар, бундан ташқари, барча вазирлик, тармоқ ва ҳудудларда экспорт ва инвестицияга масъул раҳбар ўринбосари фаолият юритаётган инвестициялар ва ташқи савдо тизимининг фаолияти жуда сустлигини кўрсатиб ўтди. 

Ҳозирги мураккаб вазиятда тизимда инвестиция ва экспорт бўйича чуқур таҳлил йўқлиги танқид қилинди.

Асосий бозорларимиз бўлган мамлакатлардаги девальвация, жаҳонда рўй бераётган зиддиятлар ва логистика ҳисобига уларга экспорт камайган.

Бундай мураккаб вазият бугун ёки кеча бошланмагани, Инвестиция вазирлиги ва тармоқлар раҳбарлари экспорт бозорларини диверсификация қилиш устида ўз вақтида бош қотирмагани кўрсатиб ўтилди.

Комплекс раҳбарияти сўнгги олти йилда четдан қарийб 50 миллиард доллар инвестиция киргани ҳақида маълумот бераётгани, лекин ушбу инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотга, қўшилган қийматга, экспортга таъсири қандай бўлгани бўйича таҳлиллар етарли эмаслиги қайд этилди.

Масалан, ўтган йили ялпи ички маҳсулот ҳам, саноат ҳам 6 фоизга ўсди. Бироқ, товарлар экспортида кутилганидек ўсиш бўлмагани айтилди.

Ҳудудларда эса молиялаштириш тўлиқ якунланган 8 триллион сўмлик 1 мингта лойиҳа ҳалигача ишга тушмаган.

Мамлакатимиз сертификатларини тан олиш бўйича ҳалигача бирорта давлат билан келишувга эришилмаган. 

Халқаро молия ташкилотлари билан қиймати 480 миллион долларлик 5 та лойиҳа бўйича келишув имзоланганига 1-2 йил бўлган бўлсада, ўзлаштириш бошланмаган.

Ёки, икки йил олдин ташкил қилинган Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасига 1 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келиш бўйича режалар тўлиқ амалга оширилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан комплекс учун масъул Бош вазир ўринбосари Ж.Ходжаев чорак якунигача ўзгариш қилмаса, лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Ўз тизимидаги камчиликлар ва сусткашлик учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Б.Абидов ва Техник тартибга солиш агентлиги раҳбари Д.Саттаров лавозимидан озод қилинди.

Инвестиция комплексига кирувчи вазир ва ҳокимларнинг режалари ва натижалари суст бўлган ўринбосарлари ишдан бўшатилиб, уларга аниқ KPI белгиланиши ва шундан кейин бир йил муддатга шартнома асосида ишга олиниши белгиланди. Натижага қараб шартнома узайтирилади ёки бекор қилинади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг