Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 май куни Фарғона туманидаги «Комилжон ота Мамажонов» фермер хўжалиги даласида вилоят деҳқонлари билан суҳбатлашди.
Миришкорлар бу мавсум ёғингарчилик кўп бўлгани, шунга қарамай барча экинлардан яхши ҳосил кутилаётганини қайд этди. Давлат хариди учун пахта ва ғалла нархлари кескин оширилгани фермер ва ишчиларнинг даромадини кўпайтириб, меҳнатга муносабатини ўзгартирганини таъкидлашди.
- Ҳамма иқтисодий соҳаларда асосий мезон - даромад, - деди Шавкат Мирзиёев. - Манфаатдорлик бўлса, иш, натижа бўлади. Бозор талабини ўрганиб, ақл билан иш тутилса, даромад кўпаяди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 мартдаги «Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори маҳсулотлар етиштириш ва сифатли сақлаш, қўшилган қиймат занжирини яратиш, экспорт барқарорлигини таъминлаш учун замин яратгани қайд этилди. Фарғона вилоятида ҳам томорқа ер эгалари ва фермерлар кооперация тамойили асосида бирлашиб, мева-сабзавотчилик кластерларига айланмоқда. Бозорбоп маҳсулотлар йиғилиб, қўшни мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
- Қишлоқ хўжалигида кластер тизими яхши натижа беради. Чунки у ўзи етиштиради, ўзи қайта ишлайди, ўзи сотади, одамларни иш билан таъминлайди. Яна бир муҳим томони, туманларда ишбилармонлик муҳити пайдо қилади. Катта даромад топаётганларни кўриб, бошқаларнинг ҳам дунёқараши ўзгаради, интилади, улардан ўрганади, - деди Президент.
«Комилжон ота Мамажонов» фермер хўжалиги ҳам ғаллачилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган. Шунингдек, 7 гектарда токзор ташкил этилган. Экиндан бўшаган ерда мош етиштириш, 5 гектар лимонарий ташкил этиш режалаштирилган. Бугунги кунда ғалла авжида ўсмоқда.
Шу ерда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоқларида амалга ошириладиган лойиҳалар, ишга туширилиши режалаштирилган корхоналар ҳақида маълумот берилди.
Манба: President.uz