Валюта курслари 27/12/2024
$1 – 12920.48
UZS – -0.06%
€1 – 13436.01
UZS – -0.19%
₽1 – 130.17
UZS – 0.39%
Қидириш
Ўзбекистон 08/09/2016 Шавкат Мирзиёев «Боинг — фуқаро самолётлари» компанияси президентини қабул қилди
Шавкат Мирзиёев «Боинг — фуқаро самолётлари» компанияси президентини қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2016-йил 7-сентябрда Boeing Commercial Airplanes компанияси президенти Рэймонд Коннерни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафоти муносабати билан Р.Коннер Boeing компанияси номидан Ўзбекистон ҳукумати ва халқига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Boeing компанияси билан фуқаро авиацияси соҳасида эришилган юқори даражадаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорлик мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қўшма лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганининг самараси экани таъкидланди.

Бугун Boeing компанияси Ўзбекистоннинг йўловчи ташийдиган замонавий самолётлар етказиб бериш, улардан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш борасидаги ишончли ҳамкоридир. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси айни пайтда 15 та Boeing самолётидан фойдаланмоқда. Миллий авиакомпания томонидан амалга оширилаётган барча ташувларнинг ярмидан кўпи айнан ушбу ҳаво лайнерлари ҳиссасига тўғри келмоқда ва бу авиакомпаниянинг минтақадаги йирик ҳамда жадал ривожланаётган авиакорхоналардан бири сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида миллий авиакомпания самолётлари сафига энг замонавий ва шинам Boeing-787 Dreamliner ҳаво кемаси ҳам қўшилди. Мазкур лайнер шу йилнинг 5 сентябридан Урганч, Бухоро ва Нукус шаҳарларига дастлабки парвозларни амалга оширган бўлса, келгуси ҳафтадан халқаро авиайўналишларга қатнай бошлайди. Жорий йилнинг ноябрь ойида эса Ўзбекистонга иккинчи Dreamliner келтирилади.

Мамлакатда, жумладан, миллий авиакомпания ўқув-машғулот марказини комплекс тренажёр ускуналари билан таъминлаш орқали учувчи ва мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорликда самарали ишлар олиб борилаётир.

Шу йилнинг январь ойида янги қўшма лойиҳа — Uzbekistan Airways Techniques авиакорхонаси базасида замонавий самолётлар конструкциясининг йирик композит материалларини таъмирлаш бўйича минтақавий марказ ишга туширилди.

Рэймонд Коннер қўшма лойиҳалар қўллаб-қувватланаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди ва у раҳбарлик қилаётган компания ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли ҳамда самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг