Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари К.Оқилова ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1997 йилда ташкил этилган "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали дунёнинг энг нуфузли санъат форумлари қаторидан жой олганини таъкидлади.
Мазкур фестиваль миллий мусиқа санъатини ривожлантиришга ҳисса қўшиш билан бирга, жаҳоннинг турли мамлакатлари хонандалари, мусиқашунослари, бадиий жамоалари ижрочиларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашадиган, санъатимизни бор гўзаллиги ва жозибаси билан намоён этадиган бетакрор байрамга айланди. Халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фестиваль эзгу ғоялари, юксак ва кўтаринки савияси билан йилдан йилга нуфузи ошиб бормоқда. Биринчи фестивалда 31 мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу йилги фестивалда 60 га яқин мамлакатдан бадиий жамоалар, яккахон хонандалар, мусиқашунослар, олимлар қатнашиши кутилмоқда.
Фестиваль доирасида "Шарқ халқлари мусиқа маданиятида миллий анъаналарнинг шаклланиши ва ривожланиши" мавзусида илмий-назарий конференция ўтказилиши кўзда тутилган. Шу кунларда Самарқанд шаҳрида фестивални кўтаринки руҳда ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Фестиваль доирасида Ургут, Тайлоқ, Жомбой, Пастдарғом туманларида ҳам мусиқий тадбирлар, ижодий учрашувлар, мулоқотлар, концертлар бўлиб ўтади, деб хабар беради ЎзА.