Shandong Oubiao ва Фарғона сув ресурсларини бошқаришнинг рақамли трансформацияси бўйича келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғонада қишлоқ хўжалигида сувни бошқаришда “ақлли” технологияларга асосланган комплекс тизим жорий этилади Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг “Shandong Oubiao Information Technology Co., Ltd” компанияси вакилларини қабул қилди.
Учрашувда жорий йил апрель ойида вилоят делегациясининг Хитойга ташрифи давомида эришилган келишувлар доирасида қишлоқ хўжалигида сув ресурсларини бошқаришда “ақлли” технологияларни жорий этишга қаратилган лойиҳа муҳокама қилинди. Музокаралар давомида сув хўжалигини рақамли бошқариш, қишлоқ хўжалиги учун инновацион технологиялар ва замонавий ўғитлар ишлаб чиқариш, уларни амалиётга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, зарур ускуналарни ишлаб чиқаришдан тортиб, сувни мақсадли ва самарали тақсимлашга хизмат қилувчи комплекс тизимни жорий этиш, бу жараёнга илм билан ёндашиб, тажрибали Хитойнинг илғор компанияларини жалб қилиш ҳақида сўз борди. Вилоят раҳбари мазкур лойиҳа сувдан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигида юқори натижаларга эришишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шу боис, уни амалга ошириш ишларини жадаллаштириш зарурлигини айтиб, билдирилган таклифларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилди. Учрашув якунида лойиҳани амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар келишиб олинди.