Валюта курслари 02/06/2025
$1 – 12790.43
UZS – 0.17%
€1 – 14486.44
UZS – 0.6%
₽1 – 162.60
UZS – -0.02%
Қидириш
Спорт 15/05/2025 Сервер Жепаров IFAB кенгашининг футбол бўйича маслаҳат гуруҳи аъзоси бўлди

Сервер Жепаров IFAB кенгашининг футбол бўйича маслаҳат гуруҳи аъзоси бўлди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ сардори, икки карра Осиёнинг энг яхши футболчиси Сервер Жепаров Халқаро футбол ассоциациялари кенгашининг (IFAB) футбол бўйича маслаҳат гуруҳи (Football Advisory Panel – FAP) аъзолигига қабул қилинди.

IFAB, бу - футбол қоидаларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш учун масъул ташкилот бўлиб, унинг Футбол бўйича маслаҳат гуруҳига FIFA ва барча конфедерациялардан вакиллар тайинланган.

FIFA футболни ривожлантириш раҳбари Арсен Венгер, собиқ футболчилар нигериялик Сандей Олисе, аргентиналик Эстебан Камбиассо, француз Юрий Жоркаэф ва португалиялик Лиуш Фигу каби юлдузлардан иборат бу кенгашда энди Ўзбекистон номидан Сервер Жепаров ҳам иштирок этади.

Осиё Футбол Конфедерацияси учун ажратилган икки ўриннинг бирига Ғарбий Осиё вакили сифатида айнан Сервер Жеппаров таклиф қилинган бўлса, Шарқий Осиё вакили сифатида Япония Футбол Уюшмаси Президенти, Япония терма жамоаси собиқ футболчиси ва сардори Тсунеясу Миямото танлаб олинган.

IFABнинг маслаҳат гуруҳи футбол қоидаларини ўзгартириш, баҳолаш ва таклифлар ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнайди. Кейинги икки йил давомида Сервер Жепаров футболни янада адолатлироқ ва томошабоп қилиш мақсадида олиб бориладиган баҳс-мунозараларда иштирок этади.

FAB аъзолари ўз конфедерацияларининг ва бутун дунё футбол жамиятининг манфаатларини ҳимоя қилиши керак. Улар профессионал футболни яқиндан билиши, замонавий тенденцияларни тушуниши ва комиссия ишида фаол қатнашишлари зарур.

Сервер Жепаровнинг FAB таркибига қабул қилиниши унинг футбол олдидаги хизматлари тан олингани ва Ўзбекистоннинг халқаро футбол майдонидаги ўрни янада мустаҳкамланаётганини англатади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг