Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 25/08/2016 Сенаторлар томонидан “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун маъқулланди
Сенаторлар томонидан “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун маъқулланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Сенаторлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқиб, маъқулладилар.

Ушбу қонун ёшлар сиёсатининг асосий қоидалари, бундай сиёсатни шакллантириш ва рўёбга чиқаришга доир ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, тўғридан-тўғри таъсир қилишни яхлит қонун ҳужжатида мужассам этиш мақсадида қабул қилинганлиги таъкидланди.

Қонунда ҳозирги замон талабларини ҳисобга олган ҳолда ёшларга оид давлат сиёсатининг қуйидаги устувор йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилди: ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда манфаатларни, ёшларнинг очиқ ва сифатли таълим олишини таъминлаш, ёш авлоднинг жисмоний, интеллектуал ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш, ёшларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш, ёшларни қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларни маънавий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, радикализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш, иқтидорли ёшларни ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, ёшлар спортини, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва ҳоказо.

Қонунда ёшларга оид давлат сиёсатини марказда ва жойларда рўёбга чиқаришни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва муассасалар вазифалари, ваколатлари, шунингдек, уларнинг бу соҳадаги жавобгарлиги аниқ белгилаб берилмоқда. Ушбу органлар зиммасига ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқариш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт, меҳнат ва бошқа соҳаларда ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган талаблар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шак-шубҳасиз ижро этилишини таъминлаш, ҳуқуқий тарғиботга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, ёшлар орасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш вазифалари юклатилмоқда.

Қонун нормалари ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда жамоат ташкилотларининг, энг аввало, ёшлар ташкилотларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва оммавий ахборот воситаларининг роли ҳамда ўрнини кучайтиришга ҳам қаратилган. Давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқишда, соғлом баркамол авлодни тарбиялашга доир тадбирларни уюштириш ҳамда ўтказишда, ёшларнинг жамият ҳаётидаги роли ва фаоллигини юксалтиришда, ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари ва давлат дастурлари талаблари бажарилиши устидан жамоат назоратини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари муқаррар иштирокининг ҳуқуқий механизмлари белгилаб берилмоқда.

Сенаторлар қайд этганларидек, қонуннинг қабул қилиниши ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини мустаҳкамлашга, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар масъулиятини кучайтиришга, ушбу соҳада соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариши учун мамлакатимизда зарур имкониятлар ва шарт-шароитлар яратишга, мамлакатимиз ёшларини XXI аср талабларига тўлиқ жавоб берадиган ҳар томонлама баркамол шахслар қилиб шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг