Сенаторлар Самарқанд вилоятининг қатор туман ва шаҳарларининг чегараларини ўзгартиришга розилик билдирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида парламент юқори палатаси аъзолари томонидан “Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги масала қизғин муҳокама қилинди.
Мажлисда ушбу ўзгаришларни амалга ошириш аҳолига муносиб яшаш шароитини яратиш, бунинг учун тегишли манзилларда муҳандислик-коммуникация тизимларини, шунингдек ижтимоий соҳа (мактаб, боғча, касалхона) объектларини барпо этиш, янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
Хабарингиз бор, 2023 йил 20 июлда Президентнинг “Самарқанд шаҳрида “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Муҳокама қилинган масала ҳам айнан Самарқанд вилоятининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарорнинг тўлиқ рўёбга чиқарилишида муҳим омили сифатида хизмат қилади.
Хусусан, аҳолининг уй-жой билан таъминлаш бўйича таклифларидан келиб чиқиб, фуқаролар учун қулай бўлган Самарқанд шаҳридан ўтган Зарафшон дарёси қирғоғи бўйлаб 15 км узунликдаги масофада қиймати
10 млрд долларлик “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш мақсад қилинган.
Сенаторлар кўриб чиққан масалада Самарқанд вилояти Оқдарё туманидан 243 гектар, Самарқанд туманидан 170 гектар, жами 413 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилиши назарда тутилмоқда.
Натижада амалдаги 252 гектардан иборат “Ширин” мавзеси ҳудуди кенгайтирилиб, жами 665 гектар майдонни ташкил этади.
Муҳокамалар жараёнида тасдиқланган мастер режа бўйича ҳудудда
180 минг аҳолига мўлжалланган жами 60 мингта хонадондан иборат 254 та кўп қаватли уйлар, 45 та ижтимоий соҳа объекти қурилиши маълум қилинди.
Мазкур “Ширин” шаҳарчасида бунёдкорлик лойиҳаларини амалга ошириш муддатлари аниқ режалаштирилган ва қурилиш ишлари 3 та босқичда олиб борилади.
Эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази тўлиқ барпо этилиши натижасида турли соҳаларда 50 мингга яқин аҳоли учун янги иш ўринлари яратилади.
Сенаторларнинг якдил фикрига кўра, вилоятдаги чегараларнинг ўзгартирилиши Самарқанд шаҳрининг меъморий қиёфасини яхшилаш ва ободонлаштириш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, шаҳарнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, замонавий бизнес, молиявий ва туристик инфратузилмаларни жадал ривожлантиришни таъминлаш ва энг асосийси аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокама сўнггида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.