Мажлисда сенаторлар янги қонун ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, ундан оқилона фойдаланиш тизимининг самарадорлигини оширишга, атроф-муҳит бус-бутунлигини ва ёввойи ўсимликлар ўсадиган муҳитни сақлашга қаратилганлигини қайд этдилар.
Қонунда ўсимлик дунёси муҳофаза қилинишини ва ундан оқилона фойдаланилишини таъминлаш борасидаги субъектларнинг ваколатлари, ўсимлик дунёси объектларини олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи ўсимлик турларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, карантин тадбирларини ўтказиш талаблари аниқ белгилаб берилган. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш соҳасида мониторинг ҳамда назорат олиб боришнинг ҳуқуқий асослари белгиланмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу қонуннинг қабул қилиниши табиатнинг барқарорлигини, биологик хилма-хиллигини сақлаб қолиш, хусусан, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик организмлари генофондини асраш, мамлакат минтақаларида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар яратиш ва кенгайтириш ҳамда ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни қайта ҳосил қилиш соҳасида норма ҳамда нормативларни ишлаб чиқиш борасидаги муносабатларни қонуний йўл билан самарали тартибга солиш имконини беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.