Сенаторлар мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини янада оширишга ва тадбиркорларга енгиллик беришга қаратилган Қонунни муҳокама қилдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини янада оширишга ҳамда маҳсулотларни ўз ихтиёри билан чақириб олган тадбиркорларга енгиллик беришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Сенаторлар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий усулларни жорий этиш орқали истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Сенат аъзолари мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузганлик учун таъсир чораларини кучайтириш, техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотни чақириб олган тадбиркорларга енгиллик бериш механизмларини шакллантириш мақсадида қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш зарурати юзага келаётганлигига алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Қонун билан Фуқаролик кодексига, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги ва “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларга мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини оширишга ҳамда техник регламентлар ва қўлланилиши мажбурий бўлган стандартларга жавоб бермайдиган маҳсулотни чақириб олган тадбиркорликни рағбатлантиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида ушбу Қонун келгусида мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини оширишга ва истеъмолчилар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, ялпи мажлис давомида Қонун қизғин муҳокама қилиниб, ҳуқуқий ҳужжат тегишли талабларга жавоб бермайдиган маҳсулотни чақириб олган юридик шахсларни молиявий санкциялардан озод қилиш орқали сифатсиз ва хавфли маҳсулотлар реализацияси ҳамда истеъмолини чеклашни ҳам таъминлаши қайд этилди.
Муҳокама якунида мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.