Валюта курслари 24/09/2024
$1 – 12747.29
UZS – 0.14%
€1 – 14158.42
UZS – -0.35%
₽1 – 137.27
UZS – -0.14%
Қидириш
Ўзбекистон 29/03/2017 Сенаторлар Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритишди
Сенаторлар Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. Мамлакатимизнинг Асосий қонунига тузатишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ киритилмоқда.

Муҳокама чоғида сенаторлар таъкидлаганларидек, қонун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни рўёбга чиқаришга қаратилган принципиал қоидалардан иборат бўлиб, уларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, номзодларни танлаш ва судьялар лавозимларига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари сифатида мустаҳкамлаб қўйилган.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 112-моддаларига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилмоқда. Ушбу тузатишларга мувофиқ Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилмоқда.

Қонунни муҳокама қилиш давомида сенаторлар томонидан қайд этилганидек, суд ҳокимиятининг олий органи иккита эканлиги, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг мавжудлиги, авваламбор, суд тизимини бошқариш функцияларининг такрорланишига сабаб бўлаётган эди, амалдаги тузилма ягона суд амалиётини, хизмат вазифаларининг оқилона тақсимланишини таъминлаб бермаётган эди.

Мажлисда таъкидланганидек, қабул қилинган конституциявий ўзгартишлар мамлакатимизда суд тизимини янада чуқур ислоҳ қилиш, демократлаштириш, одил судловнинг самарадорлигини ошириш учун асос яратади.

Мазкур конституциявий тузатишларга мувофиқ суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар тузилмоқда. Сенаторлар қайд этганларидек, Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтисодий, маъмурий судларини, шунингдек, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини ҳамда туман, шаҳар маъмурий судларини ташкил этишни назарда тутувчи ушбу конституциявий ўзгартишлар мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий, иқтисодий, бозор ислоҳотларини суд-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини оширишнинг, хусусий мулк ҳуқуқини, тадбиркорлик фаолиятини судда ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланади. Жумладан, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шу жумладан, давлат органларининг ҳаракатларига ёки ҳаракатсизлигига, қарорлари устидан фуқароларнинг, тадбиркорлик субъектларининг берган шикоятларини ва мурожаатларини кўриб чиқишга ваколатли бўлган турли даражадаги маъмурий судларнинг тузилиши инсонларнинг, юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини ва эркинликларини, манфаатларини судда ҳимоя қилиш самарадорлигини тубдан оширади.

Асосий қонунимизга киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ суд-ҳуқуқ тизимида янги институт – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилмоқда. Бу Кенгаш аввал амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясини алмаштириши лозим. Мажлис давомида таъкидланганидек, мазкур комиссия зарур конституциявий мақомга, етарлича ваколатларга эга бўлмаган, бу эса амалдаги судьялар корпусини шакллантириш ишларининг самарадорлигига таъсир кўрсатган.

Судьялар олий кенгаши тузилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 111-моддасининг янги таҳририда Судьялар олий кенгашининг конституциявий мақоми аниқ мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси суд ҳокимияти мустақиллиги ҳақидаги конституциявий принципга риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиши белгилаб қўйилмоқда. Кенгаш раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тайинланиши (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 80-моддасининг 4-банди), Судьялар олий кенгаши аъзолари қонунга мувофиқ давлат раҳбари томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилмоқда.

Конституция Судьялар олий кенгашига кенг ваколатлар беради. Конституция 93-моддаси биринчи қисми 14-бандининг янги таҳририга мувофиқ Президент Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тақдимномасига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисини лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод қилади.

Айни пайтда Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судлари раисларини ҳамда судьяларини мустақил равишда лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод қилади. Шуни қайд этиш керакки, аввал судьяларнинг бу тоифалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланар эди.

Сенаторлар қайд этганларидек, Конституцияга суд ҳокимиятининг фаолиятини тубдан яхшилашга, нуфузини оширишга, судлар тузилишини такомиллаштиришга ҳамда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш тизимини демократлаштиришга қаратилган ушбу ва бир қатор бошқа ўзгартиш ҳамда қўшимчаларнинг киритилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари судда ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашнинг, мамлакатда қонун устуворлигини, қонунийликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар. Сенаторлар таъкидлаганларидек, Судьялар олий кенгашининг тузилиши юқори малакали суд корпусини шакллантиришга, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган. Қонун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг асосий вазифалари ва ваколатларини, ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини, уни шакллантириш ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаб беради.

Кенгаш фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, коллегиаллик, холислик, аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги ва очиқлик ҳисобланади.

Кенгаш ўз фаолиятини фақат қонунга бўйсунган ҳолда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга ошириши, Кенгаш фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бу қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилган. Кенгаш аъзолари қарорлар қабул қилишда сиёсий қарашлардан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ўз нуқтаи назарини ифодалайди.

Қонунга мувофиқ Кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан иборат йигирма бир нафар таркибда судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилади. Кенгаш раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Сенат томонидан тайинланади. Кенгаш раисининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади ва бир вақтнинг ўзида Кенгаш ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот марказини бошқаради.

Бунда Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси Кенгаш раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан судьялар орасидан тасдиқланади. Кенгашнинг бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьялари орасидан тасдиқланади. Сенаторларнинг фикрича, бундай тартиб судьялар корпуси фаолиятини шакллантиришда, ташкил этишда судьялар, судьялар ҳамжамияти ролини оширади. Кенгаш котиби ва унинг етти нафар аъзоси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Кенгашнинг 13 нафар аъзоси, шу жумладан, Кенгаш раиси, котиби ва ўн бир нафар аъзоси Кенгашда доимий асосда ишлайди. Кенгашнинг қолган саккиз нафар аъзоси ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Қонунда Кенгаш аъзоларининг мақоми белгилаб берилмоқда, уларнинг ваколат муддати 5 йил этиб белгиланмоқда.

Конституция қоидалари асосида ва уни янада ривожлантириб, қонунда Кенгаш ваколатлари белгиланмоқда. Юқорида кўрсатилган ваколатлар билан бир қаторда Кенгаш судья кадрлар захирасини шакллантиради, судьялар лавозимларига номзодларни танлов асосида танлайди, турли даражалардаги судлар судьяларини тайинлаш, қайта тайинлаш, ваколатларини муддатидан илгари тугатиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этади.

Кенгаш судьяларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига илтимоснома киритиш, судьяларни интизомий, жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш ваколатига эга. Кенгашнинг муҳим вазифаларидан бири – суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига киритишдан иборат.

Шунингдек, қонунда Кенгаш аъзолари мустақиллиги, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари белгиланган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 21 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларига мувофиқ ишлаб чиқилди.

Сенаторлар "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига, Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига киритилаётган ўзгартишлар ҳамда қўшимчалар янги тузилаётган маъмурий ва иқтисодий судлар фаолиятининг тегишли ҳуқуқий базасини яратишга қаратилганлигини таъкидладилар.

Хусусан, Олий хўжалик суди ва Олий суднинг бирлаштирилиши, иқтисодий судлар ташкил этилиши, ҳарбий судларнинг мақоми қайта кўриб чиқилиши муносабати билан “Судлар тўғрисида”ги қонундан хўжалик судларининг фаолиятини тартибга солувчи нормалар чиқариб ташланмоқда, округ ҳарбий судлари ва ҳарбий ҳайъатлар тугатилмоқда.

Олий суд тузилмасига маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича ҳайъатлар киритилмоқда, ҳарбий ҳайъат бекор қилинмоқда.

Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар маъмурий судлар тасарруфидаги иш тоифаларини аниқ белгилаб бермоқда. Бу давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, шунингдек, улар мансабдор шахсларининг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан шикоятлар ва аризалар билан боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тузилиши муносабати билан “Судлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ Кенгаш зиммасига судлар фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш функциялари юклатилмоқда. Шундай тартиб белгиланмоқдаки, унга кўра судья Судьялар олий кенгашининг хулосасисиз жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас. Кенгаш Раисига Олий суд Пленуми мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи берилмоқда.

“Судлар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ судьяларни сайлаш (тайинлаш), улар ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тартиби белгиланмоқда.

Қонунда судья лавозимга биринчи марта беш йиллик муддатни, навбатдаги ўн йиллик муддатни ва судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврини белгилаш, умумий судьялик стажидан келиб чиққан ҳолда судьяларнинг ваколат муддатини ҳисоблаб чиқариш тартиби, судлар раисларини 5 йилга сайлаш (тайинлаш), айни бир судда ушбу лавозимни сурункасига икки муддатдан ортиқ эгаллаш мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьялари учун судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судларнинг судьялари учун 65 ёшни ташкил этади. Олий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши мамлакат Президенти томонидан, бошқа судларнинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши Судьялар олий кенгаши томонидан беш йилгача узайтирилиши мумкин.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши суд ҳокимиятининг нуфузини янада оширишга, чинакам мустақиллигини таъминлашга, жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича судлар фаолиятининг самарадорлигини оширишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг