Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 19 декбарь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Эндрю Грей билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг Миграция бўйича халқаро ташкилот билан олиб бораётган фаол ҳамкорлиги, ташкилотнинг хавфсиз, тартибли ва мунтазам миграцияни тарғиб қилиш бўйича фаолияти Ўзбекистоннинг миллий устувор йўналишларига тўлиқ мос келиши қайд этилди.
Шунингдек, учрашувда сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда миграция соҳасидаги ишларга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада 2019 йилда Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг тўлиқ аъзоси сифатида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилгани эътироф этилди.
Суҳбат чоғида меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва янги механизмларни амалиётга жорий этиш мақсадида 16 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани ва янги ишга жойлашиш механизмлари жорий этилгани, таълим дастурлари, имтиёзли кредитлаш ва Ватанга қайтган мигрантларни қўллаб-қувватлаш тизимлари ташкил этилгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистон меҳнат миграцияси бозорларини диверсификация қилиш, анъанавий йўналишларга боғлиқликни камайтириш ва мигрантларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашни кучайтириш борасида фикр алмашилди.
Учрашув давомида томонлар миграция бошқарувини такомиллаштириш, хавфсиз ва тартибга солинадиган миграция жараёнларини таъминлаш, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган амалий чораларни кўриш юзасидан янада фаол иш олиб боришдан манфаатдорлигини билдирди.