Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Ўзбекистон 08/04/2023 Сенатда ТИВнинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборот эшитилди
Сенатда ТИВнинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборот эшитилди

Ҳисобот даврида вазирлик томонидан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида олий даражадаги 5 та хорижий ташриф ва 200 га яқин турли учрашувлар, онлайн мулоқотлар ташкил этилган.

Олиб борилган тизимли ишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг қатор ташаббуслари халқаро ташкилотлар доирасида муваффақиятли амалга оширилган. Жумладан, Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентларнинг ролига оид резолюцияларни БМТ Бош Ассамблеяси бир овоздан қабул қилди, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши эса “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари” резолюциясини тасдиқлади.

Олий даражадаги тадбирлар ва дипломатик муносабатлар доирасида савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларга оид 365 та икки томонлама ва кўп томонлама ҳужжат имзоланган.

Вазирлик иқтисодий дипломатияни тарғиб қилиш, шу жумладан, экспортни кенгайтириш ва мамлакат ҳудудларига инвестицияларни жалб қилиш масалаларига устувор аҳамият берди. Хусусан, 2022 йилда Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида умумий қиймати 10 млрд доллардан ортиқ маҳаллий маҳсулотлар жаҳоннинг 47 мамлакатига экспорт қилинган (2021 йилда 37 та мамлакат).

2022 йил давомида хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 276 846 та консуллик операцияси амалга оширилган. Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён республиканинг 6 030 нафар фуқароси махсус рейслар орқали Ўзбекистонга эвакуация қилинган.

Сенаторлар инвестицияларни жалб қилиш, экспортни ривожлантириш ва ҳудудлараро ҳамкорлик ҳамда туризмни кенгайтиришга қаратилган устувор вазифаларга қарамай, бу соҳада ҳал этилмаган айрим муаммолар сақланиб қолаётганини таъкидлади.

Хусусан, мамлакатимиз ҳудудларида илғор, ресурсларни тежовчи технологияларни жалб қилиш ва юқори қўшимча қийматга эга бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор дипломатик ваколатхоналар етарли даражада фаолият кўрсатмаётгани таъкидланди.

Сенаторлар ҳудудлараро ҳамкорлик ва хорижий давлатларнинг Ўзбекистон шаҳарлари билан қардошлик алоқаларини ривожлантириш борасидаги ишлар самарадорлигини тубдан ошириш ва ишлар натижадорлигига эришиш зарурлигига эътибор қаратди.

Шунингдек, мамлакатимизнинг ташқи сиёсий ишлар бўйича идораси миллий туристик маҳсулотини оммалаштириш ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини ташқи бозорларга экспорт қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини таъминлаш мақсадида сезиларли чоралар кўриши зарурлиги қайд этилди.

Кенг ва очиқ муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг